Марказий Осиёлик ёшлар араб давлатларидаги норозиликларга қандай қарайдилар?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Марказий Осиёлик ёшлар араб давлатларидаги норозиликларнинг минтақага таъсири ҳақида баҳс юритмоқдалар.

Совет Иттифоқи қулашидан бери раҳбарият ўзгаришини кўрмаган ва сиёсий озодликлар чекланган Марказий Осиё давлатлари ёшлари Яқин Шарқдаги жараёнларга қандай баҳолайдилар?

Таҳлилчиларнинг айтишларича, Шимолий Африка ва Яқин Шарқдаги халқ ғалаёнлари Ўзбекистонга билвосита таъсир кўрсатади.

Куни кеча Тошкентдаги мустақил Эксперт Ишчи Гуруҳи чоп этган тадқиқот натижаларига кўра, ўзбекистонликларнинг аксарияти мамлакатда демократик ўзгаришлар бўлишини исташади.

Аммо ёшлар бу каби демократик ўзгаришларнинг қай йўлда амалга ошишини исташади?

Би-би-си билан суҳбатда бўлган асли Андижонлик "Рано" нинг айтишича, Оврўпо давлатларида яшаётган Марказий Осиёлик ёшлар орасида Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги жараёнлар, уларнинг минтақага таъсири не қадар бўлиши мумкинлиги ҳаиқдаги мавзу жуда долзарб.

Лекин "Рано"нинг шахсий фикрича, у Ўзбекистонда "инқилобларни" хоҳламайди.

"Рано"нинг айтишича, бундан олти йил аввал Андижонда бўлиб ўтган хунрезлик кўплар қалбида жуда оғриқли из қолдирган. Бундан ташқари Ўзбекистонда инқилобий ўзгаришлар йўлида халққа раҳнамолик қилувчи жипслашган мухолифат кучлари йўқ ва бошқа томондан Гуржистон ва Қирғизистондаги "инқилоблар" бирон "яхшиликка" олиб келганлигига гувоҳ бўлмаган.

"Рано" халқ томонидан норозилик билдирилишига эмас, қон тўкилишига қарши эканлигини айтади.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Инқилобий ўзгаришларни истаганларнинг аксари ташқарида"...

Россияда меҳнат муҳожирлигида бўлган "Сарвар"нинг айтишича эса минтақада сиёсий ўзгаришлар учун шароит пишиб етилган, аммо бу ўзгаришларни талаб қилиб, амалга оширувчи ёшларнинг аксари хориждалар.

Унга кўра, ҳар қандай адолатсизлик ва зулмнинг чеки бўлмоғи лозим.

"Сарвар"нинг фикрича, фақатгина ўзига содиқ бир ҳовуч одамлар учунгина имкониятлар яратиб, қолганларни назардан четда қолдирувчи тузумлар қандай йўл билан бўлмасин албатта ўзгариши керак.

"Келажак авлод яхши яшаши учун қурбонлар берилиши керак, дея ўйловчилар ҳам бор", деди "Сарвар" Би-би-си билан суҳбатда.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди