Қирғизистон милицияси Алишер Усмоновни 'қидираётгани йўқ'

Алишер Усмонов
Image caption Асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов Россиядаги энг бой шахслардан бири ҳисобланади

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги мулозими россиялик миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан мамлакат ҳуқуқ тартибот идорлари томонидан қидирув эълон қилинганига оид хабарларни рад этди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Раҳматулла Аҳмедов асли ўзбекистонлик жаноб Усмонов вазирлик томонидан қидирилаётган шахслар рўйхатида йўқлигини айтди.

"Бу ахборот ҳақиқатга тўғри келмайди. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирилаётган шахслар рўйхатида фуқаро Усмонов Алишер Бурҳоновичнинг номи йўқ," деди Раҳматулла Аҳмедов Би-би-си билан суҳбатда.

У шунингдек нима учун Ўш вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан Алишер Усмоновнинг қидирувдаги шахслар рўйхатига киритилгани "ҳозирда ўрганилмоқда" деб айтди.

Россиядаги "Фергана.ру" ахборот агентлиги пайшанба куни Қирғизистоннинг Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси россиялик корчалон Алишер Усмоновга қидирув эълон қилгани ҳақида хабар тарқатганди.

Ушбу хабар Ўш милициясининг оператив-қидирув маълумотлари асосида нашр этилганди.

Хабарга Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси чиқарган қидирувдаги шахслар рўйхатининг фотонусхаси илова қилинганди.

Мазкур маълумотда "қўпорувчи кайфиятдаги жиноий гуруҳга алоқаси" учун 30 киши қидирилаётгани, уларнинг аксари ўзбек миллатига мансублиги айтилади.

30 шахс орасида "Алишер исмли фуқаро" ҳам бор. Балки бу Россия Федерацияси фуқароси Усмонов Алишер Бурҳонович бўлиши мумкин", дейилади оператив маълумотда.

Асли ўзбекистонлик олигарх Алишер Усмонов Россиядаги 3-бой одам деб кўрилади.

58-ёшли Алишер Усмонов "Газпроминвестхолдинг" ширкати раҳбари, Лондоннинг "Арсенал" футбол клуби эгаларидан бири ҳисобланади.

Ушбу хабар юзасидан Алишер Усмонов ҳозирга қадар муносабат билдирмаган.