Новқат солиқ хизмати раҳбарини ўлдиришда гумон қилинган шахс уйи ёқиб юборилди

Image caption Новқатда маҳаллий солиқ инспектори ходимининг қотиллигида гумон қилинаётган шахс уйи ёқиб юборилди.

Ўш вилоятининг Новқат тумани марказида яқинда ўлдирилган маҳаллий солиқ инспекцияси бошлиғининг қариндош-уруғлари ҳамда тарафдорлари мазкур қотилликда гумон килинган фуқаронинг уйини ёқиб юборишган.

1 март куни эрталаб туман марказидаги майдонга тахминан 500 нафар маҳаллий яшовчи норозилик намойишга йиғилган ва қотилликни уюштириб, ўзи Ўзбекистонга қочиб кетди, дея гумон қилинган маҳаллий тадбиркорни ҳибсга олишни талаб қилишган.

Маҳаллий милициянинг маълум қилишича, ҳозирга қадар қотилликда гумон қилинаётган 10 кишидан уч нафари ҳибсга олинган ва қотилликни ташкиллаштирган шахс Ўзбекистон ҳудудига қочиб кетган.

Намойишчилар милиция ходимларини жиноятчиларга қарши тегишли чора кўрмасликда айблашган.

Маҳаллий аҳолига кўра, тўсатдан йиғилган намойиш иштирокчилари қотилликни ташкиллаштирган, дея гумон қилинаётган тадбиркорнинг уйига етиб боришган ва ўт куйиб юборишган. Кейинчалик бу одамлар ёнғинни ўчиришга келган ўт ўчирувчилар ишига халақит беришга ҳаркат қилганлар.

Ўт ўчириш хизмати расмийларига кўра, шунга қарамай ёнғин ўчирилган ва ҳеч ким жабрланмаган.

Айни вақтда қотилликда гумон килинаётган фуқароларнинг ҳам қариндош-уруғлари ва тарафдорлари майдонга йиғила бошлашган.

Икки тарафни милиция ходимлари ажратиб туришган. Эски-Новкат шаҳрига, шунингдек, вилоят маркази Ўш шаҳридан қўшимча ҳуқуқ-тартибот кучлари юборилган.

Новқат тумани марказида маҳаллий ҳокимиятнинг шошилинч йиғини ўтказилган ва шу ерга Ўш вилояти ҳокими Сооронбой Шарипов келиши кутилмокда.

Туман ҳудудидаги барча қишлоқлар маъмурияти маҳаллий аҳолини туман марказига бормасликга ундаб, йиғинлар ўтказишмокда.

Эски-Новкат шаҳрига борадиган йўлларда милициянинг кўчма назорат нуқталари ташкил этилган ва улар қишлоклардан шаҳарга кетадиган қатновни назорат килишмокда.

23 феврал куни Эски-Новқатда “Лексус” енгил автомашинасида Новқат тумани солик инспекцияси рахбари, 45 ёшли Сағинбек Алимбаевнинг ўқ отар қуролдан отилган жасади топилганди.