АҚШ Сенати: Марказий Осиё сув муаммоларига кўпроқ эътибор қаратиши лозим

Image caption АҚШ Сенатида кўриб чиқилган ҳисоботга кўра, сув тақсимоти масаласи Марказий Осиёда беқарорлик келтириб чиқарувчи омил бўлиши мумкин.

АҚШ Сенатининг Ташқи масалалар бўйича қўмитаси Жанубий ва Марказий Осиё минтақасидаги сув тақсимоти муаммоларига бағишланган масус ҳисоботни кўриб чиқди.

"Сув урушининг олдини олиш", дея номланган ҳисоботда сув масаласи АҚШнинг Жанубий ва Марказий Осиёдаги дипломатик ва миллий хавфсизлик манфаатлари йўлида тобора кўпроқ аҳамият касб этаётгани таъкидланган.

Ҳисобот минтақага сафар қилган мутахассилар тадқиқотларига асосланган.

Унда ёзилишича, шу вақтгача АҚШнинг сув билан боғлиқ лойиҳалари асосан Афғонистон ва Покистонга қаратилганди. Ҳиндистон ва бешта Марказий Осиё давлатларига бу соҳада жуда кам эътибор қаратиб келинган.

Масалан 2009 йилда АҚШ Афғонистон ва Покистонда сув билан боғлиқ лойиҳаларга 46 ярим миллион америка доллари сарфлаган бўлса, беш Марказий Осиё давлатларига ҳаммаси бўлиб атиги 3.7 миллион доллар сарфлаган.

"Минтақақвий сув захирлари тақсимоти соҳасида тўғри қўлловни амалга ошириш улкан барқарорлаштируви омил бўлиши мумкин, аммо нотўғри йўл тутилса, қўшни давлатларни дарағзаб қилиб, фожеани келтириб чиқариш эҳтимоли бор", дея айтилади Сенатга тақдим этилган ҳисоботда.

Шунинг учун АҚШнинг минтақадаги қадамлари кенг миқёсдаги талабларни назарда тутиб, томонларни музокараларга даъват этиш тавсияси янграган.

АҚШ Сенатидаги ҳисоботда эътибор қаратилган яна бир масала Марказий Осиё давлатларида сув захирларининг миқдори ва сарфланиши борасида аниқ ва муфассал маълумотнинг йўқлиги эди.

Ҳисоботда айтилишича, Марказий Осиё давлатлари мавжуд сув захираларини тежамлироқ йўлда сарфлаш йўлида ишлашлари лозим, яъни ҳар бир томон кўпроқ сувга талабни илгари сурмасдан, сувга эҳтиёжни камайтириш йўлларини кўриб чиқишлари мақсадга мувофиқроқдир.

Бундан ташқари охирги йилларда сувга эҳтиёжини намоён қила бошлаган Афғонистоннинг ҳам манфаатлари пайдо бўла бошлагани айтилган.

Ҳисоботда шунингдек, мутахассиларнинг минтақага сафарлари мобайнида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида "Роғун" электростанциясининг қурилиши юзасидан келиб чиқаётган тангликни ўрганиб чиқишгани айтилади.

Уларга кўра, мавжуд фактлар иккала томон хавотирларига асос борлигидан далолат бермоқда.

Ҳисоботда Марказий Осиё давлатларига сув муаммоларини ҳал этишда кўпроқ ёрдам бериш, акс ҳолда сув масаласи минтақада беқарорликни келтириб чиқарувчи омил бўлиши мумкинлиги айтилган.