Қозоғистонда президентлик сайлови кампанияси бошланди

Нурсултон Назарбоев Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Бўлажак президентлик сайловида жорий президентнинг осон ғалаба қилиши кутилмоқда

Қозоғистонда президентлик сайлови кампанияси бошланмоқда.

Мамлакат президентлигига жорий президент Нурсултон Назарбоев дохил тўрт номзод даъвогарлик қилмоқда.

Улардан фақат бир нафари, яъни жорий президент Қозоғистонда ўзини таништиришга муҳтож эмас.

Ўтган ой жаноб Назарбоев апрел ойида муддатидан илгари президентлик сайлови бўлиб ўтишини эълон қилганди.

Президент Назарбоев нефтга бой Қозоғистонни 20 йилдан кўпроқ вақт давомида идора этиб келади.

Унинг бу галги сайловда ҳам осон ғалабага эришиши кутилмоқда.

Қозоғистонда ҳозирга қадар бўлиб ўтган сайловларнинг бирортаси халқаро кузатувчилар томонидан "адолатли ва эркин," дея эътироф этилмаган.

Президентликка номзодлардан қолган уч нафари Нурсултон Назарбоевга жиддий рақиблик қила олмаслиги кутилмоқда.

Мамлакатдаги анъанавий мухолифат партиялари сайловни бойкот қилишга қарор қилганлар.

Уларнинг даъво қилишича, сайлов "жорий президентни тарғиб қилишдан бошқа ҳеч нарса эмас".

Ўтган декабр ва январ ойларида фақат бир партия вакилларидан иборат Қозоғистон парламенти президент ваколатини 2020 йилга қадар сайловларсиз узайтириш ғояси билан чиқиб, референдум ўтказишни таклиф қилди.

Бироқ мазкур таклиф халқаро танқидлар остида қолиши ортидан Президент Назарбоев муддатидан илгари президентлик сайлови бўлиб ўтишини эълон қилди.

Баъзи кузатувчиларга кўра, жаноб Назарбоевнинг бундай қарорга келишига араб давлатларида юз бераётган эврилишлар сабаб бўлса эҳтимол.