МТС Туркманистонга сармоя киритиш хавфлари ҳақида огоҳлантирди

Image caption Россия ширкати туркман расмийлари МТС яратган инфратузилмага эгалик қилмоқчи эканини айтмоқда

Россиянинг МТС ширкати хорижий сармоядорларни Туркманистонга сармоя киритиш хавфли экани ҳақида огоҳлантирган.

"Мобил телитизимлар" ширкатининг хабар қилишича, ширкат 3-4 март кунлари Сингапурда ўтказилган "Туркманистон Нефт ва Газ Кўргазмаси-2011"халқаро конференцияси қатнашчиларига туркман иқтисодиётига сармоя киритиш хавфлари ҳақида очиқ мактуб йўллаган.

МТС ўз тажрибаси асосида хорижий сармоядорларни Туркманистоннинг ҳамкор сифатида қанчалик ишончли экани ҳақида ўйлаб кўришга чақирган.

Яқин-яқингача Туркманистоннинг энг йирик сармоядорларидан бири бўлганини айтган МТС Туркманистоннинг ўзбошимчалиги ширкатни туркман бозоридан кетишга ундаётганини айтган.

МТСнинг ишонишича, бу ҳиссалари Нью Йорк фонд биржасида сотиладиган ширкат ҳиссадорларига катта зарба бўлиши шубҳасиз.

Халқаро конференция қатнашчиларига йўлланган очиқ хатда МТС ҳануз туркман ҳукумати билан муаммога ечим топишга умид қилаётгани, аммо шу билан бир вақтда, сармоядорлар ҳамжамиятини туркман бозоридаги хавфлар борасида огоҳлантириб қўйишни ўз бурчи, деб билишини маълум қилган.

МТС 2005 йилда Американинг Barash Communications Technologies ширкатининг Туркманистондаги ҳиссаларини сотиб олган ва қисқа вақт мобайнида мамлакатдаги энг йирик уяли алоқа ширкатига айланган.

МТСнинг Туркманистондаги мижозлари сони 2 миллион 400 минг экани айтилади.

Ўтган вақт мобайнида Россия ширкати Туркманистоннинг телекоммуникация инфратузилмасига 180 миллиондан кўпроқ сармоя киритганини билдирган.

Ўтган йилнинг декабрида Туркманистон Алоқа вазирлиги МТСнинг лицензиясини бир ойга тўхтатаётганини билдирган.

Ушбу муҳлат тугаши ортидан туркман расмийларига қайта-қайта мурожаат қилганини билдирган ширкат лицензиянинг бекор қилиниш сабаби борасида ҳам, ўзининг келажакдаги бизнеси тақдири ҳақида ҳам бирон жўяли тушунтириш ололмаганини айтган.

МТС туркман расмийларининг қарори устидан Халқаро арбитражга шикоят қилган.

МТС туркман расмийлари ширкат ташкил этган инфратузилмадан МТСнинг иштирокисиз Туркманистоннинг телекоммуникация соҳасини ривожлантириш мақсадида фойдаланиш ниятида, деб ишонади.