Oxus Gold Ўзбекистонни халқаро арбитражга бериш билан таҳдид қилди

Image caption Oxus Gold Ўзбекистондаги олтин ишлаб чиқариш соҳасидаги ягона хорижий ширкат эди

Oxus Gold Ўзбекистон ҳукуматини ўз қўшма корхонасидаги улуши адолатли баҳоланмагани тақдирда халқаро арбитражга мурожаат қилиши ҳақида огоҳлантирган.

Аввалроқ ширкат вакили Би-би-сига Oxus ҳиссалари юзасидан музокаралар бораётганини айтган эди.

Ўтган ой ширкат Амантайтаудаги олтин корхонаси ҳиссаларининг ярмини Ўзбекистоннинг давлат ширкатига сотишга рози бўлган.

Oxus Gold пайшанба куни чиқарган баёнотда айтилишича, шундан буён Ўзбекистоннинг расмий идоралари корхонада аудит текширувларини ўтказмоқда.

Ширкат аудит комиссиясининг тажрибаси Амантайтау Олтин Майдони (AGF) қўшма корхонасининг тугатилишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда эканини билдирган.

Қўшма корхона ҳиссалари Лондон биржасида сотиладиган Oxus Gold нинг асосий мулки ҳисобланади.

Молиявий таҳлилчиларга кўра, корхона йилига 20 миллион унциядан ортиқ олтин қазиб чиқариш салоҳиятига эга.

Oxus Gold ҳиссаларини сотиб олишни истайдиган халқаро ширкатларнинг кўплиги тахмин этилади.

Oxus Gold нима учун ўз ҳиссаларини сотишга мажбур бўлгани сабаблари ҳақида ҳеч нарса демаяпти.

Айрим кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг Амантайтаудаги корхонанинг барча ҳиссаларини қўлга киритиш ҳаракатлари Мурунтауда қазиб олинаётган олтин ҳажмининг камайгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Бошқа бир фаразга кўра эса, британ ширкатининг Ўзбекистонни тарк этаётганига хитойлик сармоядорлар "Амантайтау" учун маблағ ажратишдан воз кечгани сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Маълум бўлишича, асосан Хитойнинг давлат маблағларидан иборат бўлган консорциум сармояси бўйича келишув 2010 йил декабригача бўлган, хитойликлар янги йил учун маблағ ажратишдан воз кечганлар.

Олдинроқ Oхus Gold Хитой консорциуми 185 миллион доллар маблағ беришни рад этгани ҳақида эълон қилган.

"Амантайтау Голдфилдс" Ўзбекистондаги олтин ишлаб чиқариш соҳасида хориж сармояси билан фаолият юритаётган ягона ширкат эди.

Британ-Ўзбек қўшма корхонасининг Ўзбекистон тарафдан таъсисчилари - Давлат Геология ва минерал ресурслар қўмитаси ва Навоий кон-металлургия комбинати.

Аmantaytau Goldfields 2003 йилда марказий Қизилқумда умумий қиймати 31 миллион долларга баҳоланган олтин ажратиб оладиган корхона ишга туширган.

Хабарларга кўра, ушбу корхонада ишлаб чиқарилган олтин миқдори кўзланганидан кам бўлган.

Ўтган йили ҳисоблари музлатилган "Зеромакс" ширкатининг асосчиси Миродил Жалолов Oxus Gold нинг бошқарув кенгаши аъзоси ва ноижроий директори бўлган.

Ўтган ой Oxus Gold Жалоловнинг истеъфо берганини айтган.

Аммо Президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованга яқинлиги айтилган Миродил Жалоловнинг ўтган йилги текширувлардан кейинги тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

Ўзбекистон дунёнинг йирик олтин ишлаб чиқарувчи давлатларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатда 40 дан ортиқ олтин конлари мавжуд ва йилига 80 тоннадан кўпроқ олтин ишлаб чиқарилади.

Ғарбдаги кузатувчилар Ўзбекистоннинг олтин заҳиралари Каримов ва оиласи томонидан назорат қилинишига ишонадилар.