Азимжон Асқаров довюраклиги учун халқаро мукофоти билан тақдирланди

Image caption "Муҳтож инсонлар" Азимжон Асқаровни халқаро мукофот билан тақдирлаш орқали унинг аҳволига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратишни истайди

Қароргоҳи Прагада жойлашган "Муҳтож инсонлар" инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилотининг Homo Homini йиллик халқаро мукофотига Қирғизистонда тутқунликда сақланаётган ўзбек фаоли Азимжон Асқаров муносиб топилди.

"People in Need" - "Муҳтож инсонлар" ташкилоти баёнотига кўра, 2010 йилги инсон ҳуқуқлари ҳамда демократияни тарғиб этишга аҳамиятли улуш қўшган атоқли шахслардан қирғизистонлик фаол Азимжон Асқаровни ҳибсдалиги чоғида ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этаётгани учун Homo Homini мукофоти билан тақдирлашга қарор қилинган.

"Асқаровнинг ўзи ўтган йили сохталаштирилган маҳкамаларда бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган. Жаноб Асқаров бу мукофотни ўзи ёлғиз қолгани ҳолда ҳам ғайриоддий шахсий жасоратини намойиш этибгина қолмасдан, Қирғизистоннинг узоқ бир қисмида инсон ҳуқуқлари ва қонунчилик риоя этилишига янада қаттиқроқ жаҳд билан курашгани қабул қилмоқда", деб айтган "Муҳтож инсонлар" ташкилоти директори Симон Панек.

Инсон ҳақлари ташкилоти ҳаётига таҳдидлар, ҳибсга олиш, тутқунликдаги шафқатсиз муносабатларга қарамасдан, Азимжон Асқаров ўз йўлидан қайтмаганини урғулайди.

"Ишонамизки, ушбу мукофот жаноб Асқаровнинг жиддий аҳволига тўғридан-тўғри эътибор қаратади", деб айтган "Муҳтож инсонлар" ташкилоти раҳбари.

Тутқунликда 60 ёшини нишонлаган Азимжон Асқаров ўтган йили июн ҳодисалари пайтида Жалолободга яқин Бозорқўрғон туманида уюштирилган хунрезликларни видео ва фототасвирларга олиб ҳужжатлаштирган, орадан бир неча кундан куён Қирғиз милицияси томонидан ҳибсга олинган эди.

Дастлабки тергов пайтида Азимжон Асқаров милиция ходимлари томонидан қийноқлар тутилгани ошкор бўлди.

2010 йил сентябрида ўтган маҳкама Азимжон Асқаров ҳамда яна етти инсонни Бозорқўрғонда милиция ходимини ўлдиришда айбдор деб топиб бир умрлик қамоқ жазосига ҳук этди.

"Амнести Интернэшнл", "Ҳюман Райтс Уотч" ва қатор халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаров устидан маҳкамани сохта айбловларга ҳамда сиёсий сабабаларга асосланган дея кескин танқид этдилар ва жаноб Асқаровнинг зудлик билан озод этилишига чақирдилар.

Чехиянинг "Муҳтож инсонлар" ташкилотининг Homo Homini халқаро мукофотини Лотин тилидаги ибора билан аташга қарор қилинган, бу иборанинг мазмунини "Инсонларнинг бўриси бўлган инсон" ёки энг довюрак, жасоратли инсон деб таржима қилиш мумкин.

Homo Homini мукофотини Прагада 10 кун мобайнида ўтадиган "Бир дунё" инсон ҳақлари мавзусидаги ҳужжатли филмлар фестивали доирасида Азимжон Асқаровнинг ўғли Шерзодбек Асқаровга топширилиши хабар берилган.