Ўзбекистонда экологик деҳқончиликни ривожлантириш зарурми?

Деҳқон Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Кичик фермер хўжаликлари деҳқончилик маҳсулотлари ҳажмини кўпайтиради ва табиатга ҳам зарар етказмайди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг махсус ҳисоботи ана шундай хулосага келган.

Ҳисоботда ёзилишича, қатор мамлакатлардаги экологик фермер хўжаликлари кимёвий ўғитларсиз ҳам кўп ҳосил ола билишган.

Ҳозирги аср ўртасигача дунё аҳолиси қарийб тўққиз миллиардга етиши башорат қилинаркан, шунча одамни боқиш масаласи ўта долзарб.

Ўзбекистондан академик Бек Тошмуҳаммедов кўплаб мамлакатларда асосан кичик хўжаликларни ривожлантиришга аҳаммият қаратилаётганини айтади.

"Кимёвий ўғитлар табиатни ифлослантиради ва деҳқончилик маҳсулотлари таркибини бузади. Бошқа томондан, йирик хўжаликлар самараси кам бўлганини биз ўзимиз колхозлар мисолида кўрганмиз. Эндиги тажрибалар кичик хўжаликларга қаратилмоқда," дейди Бек Тошмуҳаммедов.

Охирги йилларда Ўзбекистон фермер хўжаликларини йириклаштиришни бошлади.

Бунинг оқибатида жуда кўплаб кичик фермерлар ўз хўжалиги ва еридан ажралди.

Ўзбекистонда бир хил маҳсулотнинг давомли етиштирилиши ва кимёвий ўғитлар кўп ишлатилиши натижасида ҳосилдор ерлар таркиби бузилгани айтилади.

Бек Тошмуҳаммедов ҳозирда деҳқончилик маҳсулотлари ҳажмини ошириш долзарброқ масала эканини таъкидлайди.

"Бутун дунёда озиқ-овқат тақчиллашмоқда. Назаримда, ирсий янгиланган экинларни эка бошлаш керак. Уларнинг ҳосилдорлиги катта бўлиши мумкин," дейди ўзбекистонлик олим.

Унга кўра, ҳозирда Ўзбекистон кимёвий ўғитлардан воз кеча олмайди.

"Дунёда ҳеч бир мамлакат кимёвий ўғитлардан воз кечмаган ва биз ҳам воз кеча олмаймиз. Чунки ўғитлар ёрдамида ҳосилдорликни ошириш мумкин. Азотлиси ҳам, фосфорлиси ҳам қўлланади. Ҳатто пестицидлардан ҳам буткул воз кечилмаган. Чунки усиз экинни чигиртка еб кетади," деб изоҳлайди Бек Тошмуҳаммедов.

Ўзбекистон расмийларига кўра, фермер хўжаликларин йириклаштиришдан мақсад самарадорликни оширишдир.

Аммо фермерлар қандай маҳслуот экиш бобида эркин эмасликларини айтадилар.

Ўзбекистон аҳолиси давомли ошиши баробарида ҳосилдор ерлар йил сайин камаётгани хабар қилинади.

Баъзи таҳлилчилар шундай шароида Ўзбекистон келаси чорак аср ичида ўз аҳолисини боқа оладими, деган савол устидан бош қотира бошлашган.

Бек Тошмуҳаммедов ҳозирда хавотирга ўрин йўқ деб ҳисоблайди.

"Бизда суғориладиган ер 4 миллион гектардан кўпроқ. Бу ерда ишлаб ҳали келажакда ҳам аҳолини бемалол боқа оламиз. Ҳозир пахта кўп экилаётганига сабаб, сўнгги йиллари пахта толаси нархи кескин ошиб кетди. Пахта давлатга яхшигина даромад келтирмоқда. Аҳоли ўсиб, Ўзбекистон ўз халқини боқа олмайди қолади деган фикрлар анча бўрттирилган. Чунки охирги йиллари бизда аҳолиси ўсиши секинлашган. Ғарбда аҳоли ўсиши тўхтатаяпти, Ўзбекистонда эса секинлашган," дейди Бек Тошмуҳаммедов.