Қўшма Штатлар Марказий Осиё давлатларини Яқин Шарқдан сабоқ чиқаришга ундади

Роберт Блейк Конгресс тингловида гапираркан, Яқин Шарқдаги ғалаёнлар Марказий Осиё давлатларига сабоқ бўлиши кераклигини айтди Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Роберт Блейк Яқин Шарқдаги ғалаёнлар Марказий Осиё давлатларига сабоқ бўлиши кераклигини айтди

Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиё давлатларини Яқин Шарқда кечаётган ҳодисалардан сабоқ чиқариб, ислоҳотларни тезлаштиришга ундаган.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё давлатлари бўйича ўринбосари Роберт Блейк минтақадаги ҳукуматлар демократиядан чўчишаётганини айтди.

Жаноб Блейкка кўра, Марказий Осиёдаги тузумлар ёшларнинг иродаларига жавобан иш тутишлари ва коррупцияга барҳам беришлари лозим.

Америка расмийсининг айтишича, ушбу ҳукуматлар Афғонистондаги беқарорликлар туфайли ўз мамлакатларида қаттиқ назорат ўрнатишган.

Тунис, Миср, Ливия, Яман, Жазоир, Баҳрайн, Иордания... Мана энди Саудия Арабистони ва Озарбайжонга навбат етди. Афтидан, авторитар тузумларга қарши халқ ғалаёнлари янги мамлакатларга ёйилмоқда. Сиёсатдонлар ва таҳлилчилар бу ерда бир нечта сабабни кўришмоқда.

Аввало, авж олган порахўрлик, тузумларнинг ёпиқлиги, сўз эркинлиги ва бирламчи инсон ҳуқуқлари чекланиши ҳамда ишсизлик юқорилиги...

Бунинг устига, янгича технологиялар билан ишловчи ахборот воситалари кучаймоқда. Тобора кўпроқ одамлар интернетни ўқишади, ижтимоий мулоқот тармоқларидан фойдаланишади. Сўнгги огоҳлантириш эса, АҚШнинг юқори мартабали дипломати тилидан янграмоқда. Роберт Блейк Конгресс тингловида гапираркан, Яқин Шарқдаги ғалаёнлар Марказий Осиё давлатларига сабоқ бўлиши кераклигини айтди. Унга кўра, Марказий Осий тезда демократик ислоҳотларни амалга ошириши зарур.

Халқ ғалаёнлари ортидан узоқ йиллик президентларни кетказган Миср ва Тунис мисолида гапираркан: "Бу мамлакатларда ҳокимиятга келганлар энди ёш авлод талабларига жавоб бериши ҳамда порахўрлик каби иллатларга барҳам бериш йўлида ишлаши керак", деди.

Унга кўра АҚШ бу йўлда саъй-ҳаракатларга қўл урган.

Жаноб Блейк фақат Қирғизистон яқинда эркин ва адолатил сайлов ўтказди, аммо бошқа Марказий Осиё давлатлари ҳамон демократияга шубҳа билан қарашмоқда, деб урғулаган.

Минтақа давлатлари қўшни Афғонистондаги нотинч вазият туфайли ҳам қаттиқ назорат ўрнатишга интилмоқдалар. Бу давлатлар худди Қирғизистон каби миллий низоларга ботишдан қўрқишади.

Таҳлилчиларга кўра, Яқин Шарқдаги воқеалар ортидан, энди Америка Марказий Осиё билан мулоқотларини кучайтирмоқда. Чунки, Марказий Осиёдаги айрим мамлакатларда аҳоли норозилиги кун сайин кучаймоқда. Марказий Осиёда ҳам порахўрлик авж олган, узоқ йиллик раҳбарлар қаттиқ назорат қилишади. Ёшлар орасида эса, ишсизлик даражаси юқори.

Марказий Осиёдаги аксар ҳукуматлардан халқ норозилиги қанчалик кучли бўлмасин, бу минтақада исёнларнинг ёйилиб кетишини жиловлаб турган воқеликлар ҳам бор.

Масалан, хавфсизлик кучлари ва полиция назорати жуда кучли, интернет ва ижтимоий мулоқот тармоқларига тўсиқлар қўйилган. Хуллас, Марказий Осиёдаги биронта ҳам давлатда Миср ёки Тунисдаги каби инқилобларга саҳна бўлиши эҳтимоли жуда паст.

Аммо кичик-кичик ва қуйи даражадаги беқарорлик ҳам нафақат Марказий Осиё раҳбарларини, балки уларнинг асосий ҳамкори бўлмиш АҚШни барибир чўчитмоқда.