Президент Назарбоевнинг тўнғич набираси бойвачча 'Локомотив' клубига ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ойсултон ҳам энди "Локомотив"(Остона) футболчилари сафида бўлади. Сурат The Telegraph газетидан олинди

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич набираси Ойсултон Назарбоев Остонанинг бойвачча "Локомотив" клубига ҳужумчи бўлиб ўтган.

Ойсултон жаноб Назарбоевнинг катта қизи Дариға ва собиқ куёви Роҳат Алиевларнинг бош фарзандидир.

Унинг Англиянинг Sandhurst мактабида таҳсил олгани айтилади.

Ойсултон Назарбоев ҳозирча захирада ўйнайди.

Қозоғистонда янги футбол мавсуми 2 мартда старт олган.

Аммо мавсум охирига қадар Ойсултоннинг асосий сафда майдонга тушиш эҳтимолини ҳеч қанақасига назардан соқит этиб бўлмайди.

"Локомотив" клубига Олмония миллий терма жамоасининг собиқ ўйинчиси Холгер Фах мураббийлик қилади.

Минтақа давлатлари раҳбарларининг фарзандлари орасида яна Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг катта ўғли футболга қизиқади.

Рустами Имомали ўзи асос солган "Истиқлол" (Душанбе) клуби билан ўтган йили мамлакат чемпиони бўлган. У ҳам ҳужумчидир.

Британияда чоп этилувчи The Telegraph газетининг клуб воизидан иқтибос келтиришича, "Ойсултон учун муҳими пул эмас, футбол ўйнашдир".

Президент Назарбоевнинг набираси 2006 йилда 17 ёшгача бўлган футболчилар сафида УЕФА кубогида ҳам иштирок этган.

"Локомотив" клубига 2009 йилда, Олма отадаги иккита футбол клубини бирлаштириб, асос солинган.

Клуб нақ 185 миллион долларлик Остона Аренасида жойлашган.

Мазкур арена Лондоннинг машҳур "Уэмблей" стадионини барпо этган Populous ширкати томонидан қурилган.

Сўнгги йилларда Қозоғистонда футбол тараққий топиб бораётгани билан, мамлакат миллий терма жамоаси ва клублари ҳануз оврўполик рақибларидан анча орқада.

Дейлик, 2009 йилда Қозоғистон Жаҳон чемпионатининг саралаш босқич учрашувларида Англияга йирик 4:0 ҳисобида бой берганди.