Остонада уй эгалари норозилик юришини уюштирдилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Қозоғистон пойтахти Остонада эса бир неча юз одам президент саройи қаршисида намойиш ўтказиб, ҳукуматдан ўз уйларидан ажралиб қолаётган одамларга ёрдам беришни талаб қилганлар.

Намойиш ташкилотчилари ва гувоҳларга кўра, намойишчиларнинг бир неча ўн нафари полиция томонидан ҳибсга олинган.

Уй соҳибларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи "Халққа уй-жойини қолдирамиз" деб ном берилган жамоатчилик бирлашмаси раҳбари Есенбек Уктешбаевнинг Би-би-сига айтишича, Қозоғистонннинг турли вилоятларидан келган 200 киши ва пойтахт Остонада уларга қўшилган яна уч юз, жами без юз намойишчиларнинг мақсади 3 апрелда ўтадиган президентлик сайловларида номзодлардан бири, амалдаги Президент Нурсултон Назарбоев билан учрашиш ва унинг сайловолди дастурини муҳокама қилиш бўлган.

Намойишчилар жаноб Назарбоевнинг сайловолди дастурида ижтимоий муаммолар, хусусан, уй-жой муаммосини ҳал қилиш масаласи ўрин олганми, бўлса, қай йўсинда ҳал этилмоқчи деган саволларни сўрамоқчи бўлишган.

Намойишчилар Остона маркази бўйлаб юришни бошлашган, аммо президент саройи "Оқ Ўрда" қаршисида тўпланган намойишчилар кўп сонли махсус полиция кучлари тарафидан тўхтатилган, улардан айримлари автобусларга мажбуран ўтқазилиб, полиция идорасига олиб кетилган.

Айрим хабарларга кўра, намойишчилардан бир неча нафари ҳибсга олинган.

Уч нафар журналист, жумладан, "Республика" рўзномаси мухбири ҳам ҳибсга олингани хабар қилинади.

Намойишчилар полиция ўзларига жуда ҳам ёмон муомала қилганини айтишмоқда.

Норози ипотекачилар

Намойиш ташкилотчиларига кўра, улар ҳокимият вакилларини бир ҳафта аввал намойиш ҳақида огоҳлантирганлар.

Аммо ҳокимият расмийлари жавоб беришмаган, демакки, намойиш ё-да юриш ўтказиш учун расмий ижозат бўлмаган.

Бу намойишчиларни Қозоғистонда ипотекачилар ҳам деб аташади.

Уларнинг норозиликлари, айтиш жоизки, бугун пайдо бўлаётгани йўқ.

Бу анчадан буён давом этаётган муаммо.

Гап шундаки, 2008 йилдаги молиявий ва кейинроқ юз берган иқтисодий инқироздан аввал, Қозоғистонга нефт долларлари оқиб келаётган ва уй-жой қурилиши гуркираган бир пайтда кўпчилик банклардан уй-жой учун ипотека қарзларини олган.

Аммо молиявий инқироздан сўнг аҳолининг бу қарзларни узишга қурби етмай қолган.

Давлат тижорий банкларни қутқариш учун молия ажратган, аммо тўғридан-тўғри уй эгаларига бирон-бир молиявий ёрдам кўрсатилганини билмаймиз.

Ҳозирда банклар ўз сиёсатларига кўра, қарзларини тўламаганларнинг уйларини тортиб олмоқда.

Бундай одамлар сони ўн минглаб экани ва бугунги намойишни ташкил этган "Халққа уй-жойини қолдирамиз" жамоатчилик бирлашмасининнг ўн минг аъзоси борлиги айтилади.

Ҳукумат эса бу банклар билан мижозлар ўртасидаги муаммо дея, можарога аралшмаётир.

Лекин намойиш ташкилотчиларидан Есенбек Уктешбаевнинг айтишича, давлатнинг масъулияти бор ва вазиятга аралашиши керак.

"Ҳукумат банкларнинг манфаатларини ҳимоя қилади, банклар эса одамларни ягона мулки бўлган уй-жойидан қувиб чиқараяпти. Банклар билан тузилган шартномаларда жуда кўп қонун бузилишларига йўл қўйилган. Бу адолатсизлик", дейди намойиш ташкилотчиси.

Норозилик потенциали

Гарчи Қозоғистоннинг сиёсий мухолифати бу намойишлардан четда турган бўлса-да, бу мамлакатдаги норозилик потенциалини кўрсатадиган бир ҳолат.

Қозоғистонлик таҳличиларга кўра, сиёсий мухолифат ёки бошқа бир қатлам истагани тақдирда бу норозиликдан фойдаланиши мумкин.

Қозоқ расмийлари бу каби норозилик потенциали борлигини рад этишади.

15 март куни Президент Нурсултон Назарбоев барқарорликнинг муҳимлигини яна бир марта урғулаган ва энг қизиги, Остонада уй-жой сиёстидан норози намойишчилар қувиб солинган бир пайтда у пойтахтда уйлари қуриб битказилган аҳоли вакилларига янги уйларнинг калитларини топширган.