Тожикистон ўз чегарасини ҳимоя этишда Оврўпо Иттифоқидан ёрдам сўрамоқда

Тожикистон Оврўпо Иттифоқидан Афғонистон билан узуқ-юлуқ чегарасини ҳимоя этишда ёрдам беришини сўраган.

Расмий Душанбенинг билдиришича, Шўро давридан қолган ҳимоя тизими яроқсиз аҳволга келиб қолган ва Исломий исёнкорлик тарқалишининг олдини олишда иш бермайди.

Рейтер ахборот агентлигининг Тожикистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси Чегара бўлинмаси юқори мартабали мулозими Шараф Файзуллоевдан иқтибос келтиришича, Афғонистондан келаётган зўравонликлар таҳдидига бас келишлари учун "оврўпоча модел"даги ҳимоя тизимига фавқулодда эҳтиёжлари бор.

"Афғонистондаги иттифоқ кучлари мамлакатнинг Тожикистон билан чегарадош шимолий минтақаларида осойишталикни таъминлай олишмади. Биз бир неча бор отишмаларнинг ўз ҳудудимизга ўтганига гувоҳ бўлдик," деб айтган жаноб Файзуллоев.

Тожикистонлик мулозим ушбу масалани имкон қадар тезликда ҳал этиш истагида эканликлари, чегарадаги вазият мушкул экани боис ёрдам яна 10 йилдан кейин эмас, ҳозирнинг ўзида лозим эканини ҳам урғулаган.

Тожикистон Афғонистон билан қарийб бир ярим минг чақиримга узанган ўзаро чегарага эга.

Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Моррел эса, президент Раҳмон билан сўнгги учрашуви ортидан ташкилоти Тожикистонга ўз дастагини кўрсатишга ҳозир эканини билдирган. Аммо ўз ёрдамлари тафсилотларини очиқламаган.

Жаноб Файзуллоевга кўра эса, Афғонистон билан чегаранинг ҳар бир чақирим қисмига тиканли сим ўрнатишнинг ўзи 1 миллион АҚШ долларига тушиши мумкин.

Тожикистон, бундан ташқари, Афғонистондан бошланувчи йирик наркотранзит йўлда жойлашган.

Тожикистон хавфсизлик кучлари мамлакатнинг тоғли шарқий ҳудудларида бир гуруҳ исёнкорларга қарши ўтган сентябр ойидан буён ҳарбий амалиётлар олиб бориб келишади.

Бунга Камароб дарасида ҳарбийлар карвонига қарши уюштирилган ва 30 га яқин аскарнинг умрига зомин бўлган ҳужумлар сабаб бўлган.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ўтган ой мамлакатнинг чекка ҳудудларида исломий жангариларнинг кучайиб бораётганидан шикоят этганди.

Тожик ҳукуматига кўра, бугун бўй кўрсатаётган жангариларнинг "Ал-Қоида" тармоғига алоқаси бордир.

Маҳаллий кузатувчилар эса, иш ҳақларининг камлиги, камбағаллик ва мамлакатда чуқур илдиз отган ишсизлик, айниқса, ёшлар орасида исломий радикаллашувнинг кучайишига хизмат қилаётганини айтишади.