Қозоғистон Япониядаги инқирозга қарамай ўзининг атом электр станциясини қурмоқчи

Image caption Қозоғистон ҳудуди улкан экани, шу боис атом электр станциясини бемалол хавфсиз бир ерда барпо этиши мумкинлигини айтмоқда

Дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчи давлат бўлган Қозоғистон Япониядаги ядровий инқирозга қарамай, ўзининг илк атом электр станциясини қуриш режасида қатъий эканини айтмоқда.

"Японияда юз бераётган ҳодисалар ҳаммада радиофобия(радиоктив моддалардан қўрқув)нинг кучайишига сабаб бўлди. Аммо, шу билан бир вақтнинг ўзида, биз Қозоғистон ўз атом электр станциясини барпо этиши керак деган фикрдамиз. Чунки бунинг учун мамлакатимизда барча шароитлар муҳайё," деб айтган қозоғистонлик масъул Душенбай Турганов.

Лекин шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, Қозоғистоннинг муайян ҳудудлари сейсмик фаол ҳисобланади.

Қозоғистонлик масъулларнинг урғулашларича, мамлакат аҳолиси кам, ҳудуди эса Франциядан беш баробар катта, шундай экан, АЭСни хавфсиз жойда бемалол қуришлари мумкин бўлади.

"Дунёдаги иккинчи йирик уран захираларига эга давлат бўлсак, уран ишлаб чиқариш бўйича эса, ҳаммани ортда қолдирсак, Аллоҳнинг ўзи шуни истаган бўлса, биз ҳам бу ишни амалга оширишимиз шарт," деб таъкидлаган жаноб Турганов ўзларининг атом электр станцияси қуриш режаларига ишора қиларкан.

Қозоғистонлик масъул, ўз ўрнида, бу масалада ниҳоятда эҳтиёткор бўлишлари ва хавфсизлик чораларига алоҳида эътибор қаратишлари шарт эканини ҳам урғулаган.

Дунёдаги уран захираларининг 15 фоиздан ортиқроғи Қозоғистоннинг ҳиссасига тўғри келади.

Бу борада фақат Австралия Қозоғистонни ортда қолдира олади, холос.

Қозоғистон бу йил уран ишлаб чиқаришни қарийб 20.000 тоннага етказиш режасида бўлса, халқаро ширкатлар билан ҳамкорликда 2015 йилгача буни яна беш минг тоннадан ортиқроққа ошириш ниятида.

Лекин шунинг билан баробарида Қозоғистон собиқ Шўролар давридан қолган ядровий арсеналидан ўз хоҳиши билан ҳам воз кечганди.

Семипалатинскдаги ядровий синов сатҳини ёпиб, Каспий денгизи яқинидаги атом реакторини бузиб ташлаганди.

Сўнгги йилларда атом энергиясига бўлган эҳтиёж эса кучайиб бормоқда.

Шу сабабдан ҳам, Қозоғистоннинг давлатга қарашли "Казатомпром" ширкати атом реактори барпо этиш билан 2020 йилга бориб уранини тўлиқ ядровий ёқилги циклидан ўтказишга эришмоқчи.

Душенбай Турганов атом электр станцияси борасида бундан ортиқ тафсилотларга тўхталмаган.

Қозоғистон уран конларида "Казатомпром"дан ташқари қатор хорижий ширкатлар ҳам ишлашади. Уларнинг орасида Россия ва Япониянинг ҳам ширкатлари бор.