Николай Бордюжа: 'Афғонистондаги беқарорлик минтақа давлатларига таъсир этмай қўймайди'

Афғонистон билан Тожикистон чегараси
Image caption Тожикистон Афғонистон билан узун чегараларга эга

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби Николай Бордюжа Афғонистондаги беқарорлик минтақадаги мамлакатга таъсир этишини урғулаган.

"...ҳар қандай ҳолатда ҳам Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти давлатларидаги умумий вазиятга жиддий таъсир кўрсатади", деб айтган Бордюжа.

Николай Бордюжанинг изоҳлари Душанбеда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Афғонистон бўйича ишчи гуруҳи йиғинида янграган.

"Қирғизистон жанубида ҳамда Тожикистонда юз берган сўнгги воқеалар Афғонистондаги беқарорлик бизнинг давлатларимиз ишларига ҳам таъсир кўрсатишини яна бир бор кўрсатди. Шунинг учун ҳам, бизнинг давлатларимиз Афғонистонга техроқ барқарорлик қарор топишидан манфаатдор", дейди КХШТ бош котиби.

Ўтган йилнинг кузида Рашт водийсида қуролли тўқнашувлар ва мазкур тўқнашувлар ортидан ўтказилган амалиётларда 50 нафардан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмганди.

Тожик расмийлари ҳам мамлакатлардаги беқарорликларда ташқи кучлар таъсири бор эканини таъкидлаб келишади. Тожикистон хавфсизлик кенгаши котиби Амирқул Азимов ҳам Афғонистонда ўтказилаётган амалиётлар кераклича натижа бермаётганлигини таъкидлайди. Унинг даъво қилишича, Афғонистонда янги қуролли тизимлар шаклланмоқда.

"У ёки бу мамлакатга жўнатиш ва борган жойларида вазиятни беқарорлаштириш мақсадида янги жиноий тўдалар шаклланмоқда. Бу Афғонистон ҳукумати назоратдан ташқаридаги, шунингдек, Афғонистон ва Покистон чегаралари кесишган ҳудудларда содир бўлмоқда", деди Амирқул Азимов.

Тожик расмийлари Афғонистондаги вазиятнинг тезлик билан ўнгланиши, айни пайтда бу иш тинч йўл билан ҳал этилиши тарафдори эканликларини таъкидлашади.

Айрим тожикистонлик мутахассислар тожик-афғон чегараси аввало Афғонистон тарафидан мустаҳкам қўриқланиши кераклигини таъкидлайдилар.

Уларга кўра, тожик-афғон чегаралари рисоладагидек қўриқлансагина Тожикистон ва Ўзбекистон чегараларидаги муаммолар ҳал этилиши мумкин.