Тожикистон: китобхон кутубхонага қайтадими?

Тожикистонда ёшларнинг турли радикал диний оқимлар ва қуролли гуруҳларга қўшилиб кетишларининг олдини олиш учун ҳукумат спорт майдончалари, маданий иншоотлар қуриш, эскиларини қайта ишга тушириш ҳаракатини бошлади. Жумладан, кутубхоналар ҳолатини яхшилаш борасида ҳам бош қотирилмоқда.

Кузатувчиларга кўра, ҳозирда айниқса қишлоқ кутубхоналари аҳволи ачинарли ҳолатга келган. Кўпгина кутубхона бинолари йиллар давомида таъмирланмаган, янги китоблар келтирилмаган.

Гарчи кейинги йилларда кутубхона ходимларининг маоши оширилган бўлса-да, АҚШ пулига чақилганда 30-50 доллар атрофида бўлган маблағ билан оила тебратиш қийин.

Токчани тўлдирган коммунистлар доҳийси асарлари ва нам тортган шифт

Мен Жаббор Расулов туманидаги қишлоқ кутубхоналаридан бирига кириб борганимда у ерда кутубхона мудиридан бошқа ҳеч ким йўқ эди.

Аста китобларга назар ташладим. Тўрдаги токчаларга коммунистлар доҳийси В.И. Ленин асарлари териб қўйилган. Узун токчаларда катта-кичик, эски-янги китоблар. Бир томондаги токчалар бўш. Кутубхона мудири Ҳазратқул Қудратовнинг айтишича томдан чакка ўтгач, китоблар бошқа токчаларга терилган.

У бу гапларни айтар экан нам тортган шифтга қарайман.

Ичкарига бирин-кетин икки қиз ва бир йигитча кириб келишади ва китоб танлай бошлашади.

Уларнинг ҳар учови қишлоқ мактабида ўқишар экан. Ўзларини Диёра Аҳадова ва Юлдуз Раҳматқулова деб таништирган қизлар билан қайси китобларни ўқиётганлари борасида суҳбатлашаман.

Қизларнинг айтишларича, кейинги пайтларда Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романи, Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари, Пиримқул Қодиров асарларини ўқишган экан.

"Агар излаган китобимни топа олмасам, устозларимга мурожаат этаман," дейди Юлдуз.

16 ёшли Жаҳонгир Муродов 10-синфда ўқир экан.

У китобнинг инсон дунёқарашини шакллантиришга таъсири борасида гапирди.

Электр йўқлиги, устига булутли ҳаво боис кутубхонанинг айрим бурчакларига ёруғлик умуман етиб бормаган.

"Пулингиз етмаса, ижарага олинг"

Абдужаббор Отабоев ўзбек тили ва адабиёти фанлари ўқитувчиси. У ўзбек китобларининг камайиб кетаётганининг кейинги кутубхоналарга янги ўзбек китоблари олиб келинмаётгани туфайли деб билади.

Жаббор Расулов тумани марказида вилоятда ягона ўзбек китоблари дўкони бор. Дўконга Ўзбекистондан олиб келинадиган китобларни сотиб олишга қурби бўлмаган одамлар учун ижарага олиб ўқиш имконияти яратилган, дейди Абдужаббор Отабоев.

Шоир Жамшиднинг фикрича, фақат Тожикистонда эмас, балки Ўзбекистонда ҳам ёшлар китоб ўқимай қўйишган.

У Тошкентдаги марказий хиёбонлардан бирида ўтиришганда радиожурналистларнинг китобга муносабат борасида сўзлаб беришларини илтимос қилишганини эслар экан, ҳуқуқшунослик дорулфунунига кириб-чиқаётган юзлаб йигит-қизларнинг журналистларга "биз бадиий китоб ўқимаймиз, ҳуқуқшунос бўламиз," дейишганини ачиниш аралаш кулги билан ҳикоя қилди.

Хўжанд Давлат дорулфунуни талабаси Азимжон Эрматов фикрича, ёшларнинг китоб ўқимай қўйишларининг бошқа сабаби ҳам бор. Бу уларнинг кўпроқ интернетга ёпишиб қолишгани, лекин вақти келиб маза қилиб ўқийдиган китоблар кўпайса, албатта, одамлар яна китобга қайтишларига ишонишини айтди у.

Хусусийлаштириш "мевалари"

Кутубхонанинг собиқ мудири тирикчилик важидан Россияга ишга кетгач, бошқа соҳаларда ишлаб, нафақага чиққан Ҳазратқул Қудратов бу вазифани зиммасига олди. Унинг айтишича, кейинги пайтларда китобхонлар сони кўпайиб бораётир.

Бундан икки йил олдин мамлакат Президенти Имомали Раҳмон даъватига кўра олимлар, шоир ва адиблар, бошқа зиёлилар ўз шахсий кутубхоналаридаги китобларни жамоат кутубхоналари хазиналарига совға қила бошлашганди.

Ўқитувчи Абдужаббор Отабоев ашаддий китоб мухлиси. У кўпроқ насрий асарларни мутоала қилиши, қўлига янги китоб тегса, шам ёруғида бўлса-да, бир кечада ўқиб чиқишини айтди.

Абдужаббор Отабоевнинг айтишича, кутубхоналар фаолиятини яхшилаш учун биринчи навбатда у ерда ишлаётганлар маошини ошириш зарур.

Ҳазратқул Қудратов Тожикистоннинг бошқа ерлари каби ўз қишлоқларида ҳам хусусийлаштириш авж олганда кутубхона биносининг арзон-гаровга сотилиб кетмаганлигидан хурсандлигини айтди.

Эндиликда Тожикистонда ёшларнинг турли радикал диний оқимлар ва қуролли гуруҳларга қўшилиб кетишининг олдини олиш учун ҳукумат спорт майдончалари, маданий иншоотлар қуриш, эскиларини қайта ишга тушириш ҳаракатини бошлади. Жумладан, кутубхоналар ҳолатини яхшилаш борасида ҳам бош қотирилмоқда.

Лекин кузатувчиларнинг айтишларича, аллақачон сотилиб, хусусийлаштирилган кутубхона биноларини қайтариб олиш ҳам, янги биноларни қуриш ҳам осон эмас.