Қозоғистон Президенти Россияга сафар қилди

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевга кўра, Шимолий - Каспий нефт қувурлари узайтирилади ва Қозоғистон ўз нефтини Россия орқали четга узатишда давом этади. Қозоғистон раҳбари бу ҳақда Россия Бош вазири Владимр Путин билан учашув чоғи гапирган.

Шунингдек, Назарбоев жаноблари Каспий билан боғлиқ қўшма масалалар биргаликда ҳал этилишини билдирган. Айни пайтда у Россия ҳудуди орқали ўтадиган Ғарбий Хитой - Ғарбий Оврўпо шоҳйўлини қуриш ишлари 2012 йилда битказилишини айтган.

Қозоғистон раҳбарига кўра, яна қатор лойиҳалар бўйича ҳам Қозоғистон ва Россия ўртасида ҳамкорликлар кенгайтирилади. Нурсултон Назарбоевнинг айтишича, ягона иқтисодий ҳудуд доирасида икки мамлакатнинг бир-бирларига экспортлари ҳажми ортган. Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида ягона Божхона иттифоқи ўтган йилнинг июлида фаолият бошлаган ва ягона божхона қоидалари иттифоқ ҳудудида ишлаб чиқарилган товарларни эркин олиб ўтилиши ва савдо-сотиқни янада ривожлантиришга қаратилгани айтилган.

Аввалроқ, Қозоғистон раҳбарининг Москвага сафаридан мақсад Божхона иттифоқи ва ягона иқтисодий ҳудуд масаласини мубоҳаса этиш экани хабар қилинган. Бироқ, мутахассислар Россия раҳбарияти билан музокараларда Қозоғистонда эрта чақирилган президентлик сайловларидан кейинги вазият ва Россиянинг навбатдаги президент ким бўлиши мумкинлиги асосий мавзулардан бўлишига ишонишларини айтишганди.