Тожикистон: Муомалада қалбаки пул пайдо бўлган

Тожикистон Миллий банки аҳолини муомалада миллий валютанинг сохта нусхалари пайдо бўлганлигидан огоҳлантирган.

Банк муозимларига кўра, 5, 50 ва 100 сомонилик пуллар ясалмоқда. Миллий банк матбуот хизмати тарқатган баёнотда сохта пуллар чегараолди ҳудудларда пайдо бўлганлиги урғуланади.

Айрим кузатувчилар ишсизлик ва йўқчилик жиноятнинг яна бир кўринишига қўл уришга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлашган. Тожикистон Миллий банки матбуот котиби Абдуғаффор Қурбоновга кўра, қалбаки пуллар комютерда тайёрланган ва принтерда чоп этилган.

"Қалбаки пулларни диққат билан кўрганда фарқлаш мумкин бўлади", дейди жаноб Қурбонов. "Мамлакат пул муомаласида 5, 50 ва 100 сомонилик қалбаки пуллар пайдо бўлганлиги аниқланди. Қалбаки пул ясашга алоқадор кишиларнинг мақсадлари миллий пул қадрини тушириш ва мамлакат иқтисодиётига, шунингдек, бу пулларни эҳтиётсизлик билан олган кишиларга зарар етказишдир", деди Абдуғаффор Қурбонов.

5 сомони тахминан 1 доллару 1 центга тенг. Тожикистонда, шунингдек, 1, 10 ва 20 сомонилик пуллар ҳам муомалада. Лекин, уларнинг қалбакиси топилганлиги хабар қилинмайди.

Қалбаки пуллар пайдо бўлганлиги ҳақида давлат телевидениеси орқали маълум қилинмоқда. Хабарларда қалбаки пуллар қўшни мамлакатлар билан чегараолди ҳудудларда топилаётганлиги урғуланади.

Айни вақтда бир қатор кузатувчилар қалбаки пулларнинг пайдо бўлганлигини ишсизлик, қашшоқлик даражаси ортаётгани билан изоҳлашади.

Журналист Нуъмонжон Фахриддинов қалбаки пул ясашга киришган одам фақат бир мақсад - ўз чўнтагини ўйлагани учун қилишини айтади.

"Мен шундай ўйлайманки, бу йўл билан давлатга зарар етказиш уларнинг асосий мақсади эмас. Сабаб халқнинг оғир иқтисодий аҳволда эканлигидир. Бозорларда нарх-наволарнинг кун сайин ортаётгани, халқнинг қўлида пулнинг йўқлиги кимларнидир шу каби жиноятларга бошлайди", деди Нуъмонжон Фахриддинов.