Қозоғистонда сайловолди амалиётлари қандай кечмоқда?

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев махсусан бирор бир сайловолди тарғибот амалиётларини олиб бормаслигини баён этган эса-да, унинг рақиблари сайловчиларнинг кўнгилларини қозониш учун ноанъанавий усулларни маъқул кўришмоқда экан.

Дейлик, Коммунистлар партиясидан номзод Жамбил Аҳметбеков 8 март куни гитара чалиб, Қозоғистон хотин-қизларига атаб, ўзининг энг севимли ашуласини куйлаб берган.

"Ватанпарварлар" партияси раҳбари Ғани Қосимов эса, Олма отадаги шифохонага ташриф буюриб, сайловларда ғолиб чиққан тақдирда, шифокорларнинг маошларини ошириш ва беморлар учун дори-дармонларни текин қилишга ваъда берган.

Аммо президент Назарбоевдан бошқа барча номзодлар бутун Қозоғистон бўйлаб тарғибот ишларини олиб боришлари учун қўллари калталик қилаётганидан шикоят этишмоқда.

Номзодларнинг тарғибот амалиётлари ва транспорт сарф-харажатлари учун қозоқ ҳукумати томонидан 6.29 миллион танга (42.500 АҚШ долларига яқин) маблағ ажратилган.

Бундан ташқари, номзодларга 432 миллион танга(3 миллион АҚШ долларига яқин)дан ошмаслик шарти билан ўз сайлов жамғармаларини тузишга ҳам рухсат этилган.

Қозоғистонда сайловолди амалиётлари 1 апрел куни ўз ниҳоясига етади. Муддатидан илгари чақирилаётган президентлик сайловлари эса, 3 апрелга режаланган.

Қозоғистон Бош прокуратурасининг баён қилишича, сайловолди амалиётлари тинч ва жиддий қонунбузарликларсиз ўтмоқда.

Мамлакат масъулларини бўлажак сайловларда сайловчиларнинг суст иштироклари ташвишга соларкан, хабарларга кўра, қозоғистонлик машҳур хонанда ва телебошловчилар ўз телевизион чиқишлари орқали аҳолини овоз беришга ундашга тушиб кетишган.

Ҳукумат танқидчилари уларни ҳукуматнинг фойдасига воситачилик қилишда айблашган. Аммо юлдузлар бирор кишининг номидан тарғибот ишларини олиб боришмаётгани, Қозоғистон ёшлари орасида сиёсий огоҳликни кучайтириш мақсадида эканликларини айтишган.

Демократпараст фаоллар эса, интернет орқали бутун сайлов жараёнини бойкот қилиш амалларини бошлаб юборишган.

Қозоғистон президентлиги учун мамлакатнинг амалдаги раҳбари Нурсултон Назарбоев дохил тўрт номзод кураш олиб боришмоқда.

Лекин улар барчасининг президент Назарбоевни ошкора дастаклаб келган сиёсатчилар экани айтилади.