Қозоғистонда яна икки бошпана изловчи ҳибсга олинган

Қозоғистондаги яна икки бошпана изловчи Ўзбекистон томонидан қидирувга берилган ва ҳибсга олинган.

Қаршилик ака-ука Сунатилло ва Суҳроб Йўлдошевлар Қозоғистонга келганидан қарийб 9 ой ўтиб, Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан конституцион тузумга тажовуз қилиш, диний экстремистик оқимларга аъзолик ва уларга раҳбарлик қилиш айблари билан қидирувга берилган.

Уларга ҳозирча адвокат ёлланмаган ва ака-укаларни Ўзбекистонга юбормаслик бўйича ҳеч ким шуғулланмаяпти.

Қарши шаҳридан бўлган Сунатилло ва Суҳроб Қўлдошевлар Ўзбекистон томонидан давлатлараро қидирувга берилган.

Ака-укалар 2011 йилнинг 25 январ куни Олма ота шаҳар Турксиб туман миграция полицияси томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги боис ҳибсга олинади.

Маҳкама қарори билан шахсини аниқлаштириш учун 1 ойлик ҳибсда ушлаб туриш буюрилади.

Бир ой давомида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари бу шахсларнинг шахсини аниқлаштирувчи ҳужжатларни тақдим қилиши керак эди.

Аммо Ўзбекистон Бош прокуратураси ака-ука Сунатилло ва Суҳроб Қўлдошевларни Ўзбекистонда оғир жиноятлар содир этганликда айблаб қидирувга беради.

“Қозоғистон томони шахсини аниқлаштириш учун сўров юборганидан сўнг, 5 та модда бўйича айблашган. 244, 159- модда каби оғир, оғир моддаларни бўйнига қўйиб, ака-укага бир хил айблар қўйиб юборишган,” – дейди Сунатилло Қўлдошевнинг умр йўлдоши Дилдора Амирқулова.

Сунатилло Қўлдошев Ўзбекистонда савдо билан шуғулланган. 2010 йилнинг апрель ойида акаси Ойбек Қўлдошев таъқибга учраб, Қозоғистонга қочиб кетгач, укаси Сунатилло Қўлдошев бир аёлни ҳақорат қилганликда айбланиб қўлга олинади ва 14 кун давомида акасининг қаерда эканлигини билиш учун сўроққа тутилади.

Ҳибсдан чиққач, Сунатилло ва укаси Суҳроб Қўлдошевлар Олма отага қочиб келишади ва кейинчалик оиласини ҳам чақиртиришади.

2010 йилнинг апрель ойида Қозоғистонга бошпана излаб келган бу шахслар ўтган йилнинг июн ойида махсус ўтказилган рейд чоғида бошқа муҳожирлар сингари қўлга олинган. Аммо қидирувда бўлмаганлиги боис очиқликка қўйиб юборилганди.

Қозоғистонда Наврўз байрами муносаби билан дам олиш бўлгани боис, ака-укаларнинг нима сабабдан бугунга келиб қидирувга берилгани борасида ҳеч қандай изоҳ ололмадик.

29 бошпана изловчини Ўзбекистонга экстрадиция қилмаслик борасидаги маҳкамада жавобгар сифатида қатнашган Олма ота шаҳар прокуратурасидан Абай Калиев бошпана изловчиларнинг ва халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонда қийноқлар мавжуд, деган гаплари асос бўла олмаслигини айтганди.

“Қийнайди, қийнайди деб асосан қочқинлар гапираяпти. Нимага асосланиб Ўзбекистонда қийнашади, деймиз. Эртага Каримов Қозоғистонда қийнашади деб чиқади. Албатта инсон сифатида уларнинг юборилишини истамайман. Аммо конвенция бўйича биз бундай дейишга ҳаққимиз йўқ. Эртага можаро келиб чиқиши мумкин,” дейди шаҳар прокуратурасидан Абай Калиев.

Абай Калиевга кўра, Ўзбекистонда қийноқлар борлигини Ўзбекистон бош прокуратураси айтса ишонарли бўлади. Аммо прокуратура бундай демаган.

Дилдора Амирқулованинг айтишича, ака-ука Қўлдошевларнинг қўлига экстрадиция қилиниши кераклиги ҳақида қарор тутқазилган, аммо уларнинг қачон Ўзбекистонга юбориш санаси кўрсатилмаган.

“Хўжайинимнинг қўлларига қарорини беришган. Унда Ўзбекистонга бериб юборилсин деб ёзилган. Аммо ҳозирча уларнинг ҳеч қандай адвокатлари йўқ. Нима бўлишини билмайман,” – дейди Дилдора Амирқулова.

Бундан сал олдинроқ Олмали туман маҳкамаси 29 бошпана изловчини Ўзбекистонга юбормаслик даъвосида ҳеч қандай асос кўрмаётганлигини билдирганди. Бошпана изловчилар Ўзбекистонда констицион тузумга тажовуз қилиш, экстремистик-диний оқимларга аъзолик ва унга раҳбарлик қилиш каби жиноятларда айбланмоқда.