Қирғизистон президенти одамлардан намойишларга чиқишни бас қилишни сўраган

Image caption Қирғизистон раҳбари ҳар қандай намойишларни бас қилишга чақирмоқда

Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева жанубий Ўш шаҳрига сафари давомида кишиларни намойишларни бас қилишга чақириб, мамлакатдаги ўзгаришлар сайловлар орқали амалга оширилиши лозимлигини айтган.

"Биз энди бир-биримизни кечириб, яхши қўни-қўшничиликда яшашда давом этишимиз шарт. Турли хил намойишларни бас қилиш лозим. Ўзгаришлар сайловлар орқали амалга оширилиши керак. Ўз ўрнида бўлажак президентлик сайловларининг адолатли ва демократик бўлишини таъминлаш ҳам муҳим," деб айтган Ўтинбоева хоним.

Қирғиз раҳбари оғир кунларни ортда қолдириб, бундан буёғига тинч-тотувликда яшашга ҳам даъват этган.

Ўтинбоева хонимга кўра, барча ўтган июн ойидаги ҳалокатли миллий низолардан сабоқ чиқариши лозим.

Қирғизистон президенти Наврўз куни қонли тўқнашувлардан энг кўп зиён чеккан Ўш вилоятида қилган чиқишида ўша ҳодисаларнинг олдини оломагани учун вақтли ҳукумати халқдан кечирим сўрашини ҳам баён қилганди.

Бугун иккинчи кундирки, пойтахт Бишкекдаги Ҳукумат уйи қаршисида намойиш уюштираётган ўттизга яқин намойишчилар эса, миллий низоларда қурбон бўлган яқинлари учун ҳукуматдан товон пули тўлаб қўйишини ҳам талаб этишган.

Барчаси этник қирғиз бўлган намойишчилар айбдорларни жазолаш ва қурбонлар хотирасини абадийлаштиришни ҳам сўрашган.

Намойишчилар яна президент Роза Ўтинбоева ва Қирғизистон парламенти спикери Аҳматбек Келдибековдан ўзларига, "маънавий, қонуний ва моддий ёрдам беришлари"ни ҳам талаб қилишган.

Уларга кўра, этник низолар ортидан Ўш ва Жалол-Ободдан топилган барча жасад қолдиқлари ҳам зудлик билан ўрганилиши лозим.

Бишкекдан келаётган сўнгги хабарларга кўра, мамлакат Бош вазири ўзи иштирок этаётган тадбиркорлар анжуманини зудлик билан тарк этиб, намойишчилар билан учрашган.

Бош вазир Алмазбек Атамбаев намойишчиларнинг талабларини қондириш учун қўлларидан келган ишни қилишга ваъда бериб, қурбон бўлган яқинлари учун уларга ўз ҳамдардлигини изҳор этган.

Намойишчилар аввалроқ талаблари қондирилмас экан, жойларидан силжимасликлари ва очлик эълон қилишларини айтишганди.

Уларга кўра, шу пайтгача бу хусусда қилган ёзма мурожаатлари эътиборсиз қолиб кетган.

Ўтган июн ойида Қирғизистоннинг жанубий Ўш ва Жалол-Обод минтақаларида келиб чиққан миллий низоларда минглаб кишилар қурбон бўлган ва тан жароҳати олишганди.

Аммо улардан аксариятининг ўзбеклар эканликлари айтилади.