Қозоғистон президентлигига номзод 'Гиннес'нинг рекордлар китобига кирмоқчи

Image caption "Табигат" уюшмаси раҳбари барибир "Гиннес"нинг рекордлар китобига кирмоқчи. Сурат "Казахстанская правда" газетидан олинди

Қозоғистон президентлигига ягона мустақил номзод, "Табигат" теварак-атрофни муҳофаза қилиш уюшмасининг раҳбари Мэлс Елеусизовнинг айтишича, дастлабки режаси амалга ошмаган бўлса ҳам, барибир "Гиннес"нинг рекордлар китобига кирмоқчи.

Жаноб Елеусизов 20 март куни бутун Қозоғистон бўйлаб кўчат экиш кампаниясини уюштириб, бир кунда энг кўп дарахт ўтқазган инсон сифатида тарихга киришни режалаётганди.

Бу ҳақда Россиянинг ахборот агентликлари хабар тарқатишганди.

Қозоғистон президентлигига мустақил номзод илк кўчатни мамлакатнинг амалдаги раҳбари Нурсултон Назарбоев экиб бериши лозимлиги ва бу хусусда сайловдаги рақибига махсус нома йўллаганини ҳам билдирганди.

"Покистондаги ишчилар 36 соат ичида 30.000 та кўчат ўтқазиб, "Гиннес"нинг рекордлар китобига киришганди. Демак, бир кунда бундан ҳам кўп кўчат экиш мумкин," дея жаноб Елеусизов янги рекорд ўрнатишига ишончи комиллигини ҳам изҳор этганди.

Президентликка номзод ўз кампаниясини амалга ошириш учун ҳеч кимнинг молиявий ёрдамига кўз тикаётгани йўқлиги, қозоқ фуқароларининг ташаббусларига умид қилаётганини ҳам қистириб ўтганди.

Унга кўра, ҳар бир киши иккита ёки учтадан дарахт экса, режасини амалга ошириш учун шунинг ўзиёқ кифоя қилади.

Жаноб Елеусизов Қозоғистоннинг марказий ва шимолий ҳудудларида қаҳратон совуқ бўлгани учун, ҳатто, тувакка экилган кўчатлар ҳам ҳисобга ўтишини айтганди.

Аммо сўнггида аён бўлишича, "Гиннес" қўмитасидан экспертларни чақириш хаёлларидан кўтарилгани боис, 20 март кунига режаланган осмонўпар мақсад амалга ошмай қолган.

Хабарларга кўра, рекорд ўрнатилиши кутилган кунда бор-йўғи 120 та кўчат экилган, холос.

Аммо Қозоғистон президентлигига мустақил номзод ва "Табигат" уюшмасининг раҳбари Мэлс Елеусизов ўз режасини барибир амалга ошириш мақсадида эканини айтмоқда.

Қозоғистонда 3 апрелга чақирилган муддатидан илгари президентлик сайловларига номзодларнинг сайловолди амалиётлари эса, қизиб бормоқда.