Июн қирғинидан жабр кўрган Қирғизистон жанубига 'Тинчлик карвони' жўнаб кетди

Қирғизистондан олинган хабарларга кўра, пойтахт Бишкекдан йигирмадан ортиқ диний уламодан иборат 'Тинчлик карвони' ўтган йили қонли миллий низоларга саҳна бўлган жанубий минтақаларга жўнаб кетган.

Уламолар жануб аҳолиси орасида тушунтириш ишлари олиб бориш, уларни баҳамжиҳат бўлиш, ҳеч қандай иғво ва қутқуларга учмасликка ундашмоқда.

Барчаси Қирғизистон Ислом Университети муаллимлари бўлган карвон аъзолари "бирдамлик орқали бахту саодатга" эришиш мавзусида чиқишлар қилишни режалашган.

Университет ректори Абдушукур Норматов Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида сафардан мақсадларини қуйидагича очиқлаган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Хабарларга кўра, улар Қирғизистон жанубига уч кунлик сафарлари давомида этник зўравонликлардан энг кўп жабр кўрган Ўш ва Жалол-Обод, шунингдек, Новқат, Ўзган ва Қора-Сув туманларида бўлишади.

"Тинчлик карвони" ғояси эса, Қирғизистон муфтийси Чубак Жалилов томонидан расман маъқулланган.

Қирғизистонда сўнгги кунларда ҳукумат миқёсида жануб аҳолисини сулҳу мадорага ундаш ҳаракатлари кучайган.

Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева Наврўз куни мамлакат жанубига қилган сафари чоғида ҳам барчани ўтган гина-кудратларни унутиб, бундан уёғига тинч-тотувликда яшашга даъват этганди.

Ўтинбоева хоним барча ўтган июн ойидаги ҳалокатли миллий низолардан сабоқ чиқариши лозимлигини ҳам урғулаганди.

Қирғизистон президенти Қора-Сув туманида қилган чиқишида июн қирғинининг олдини оломагани учун вақтли ҳукумати халқдан кечирим сўрашини ҳам баён қилганди.

Ўтган июн ойида Қирғизистоннинг жанубий Ўш ва Жалол-Обод минтақаларида келиб чиққан миллий низоларда минглаб кишилар қурбон бўлган ва тан жароҳати олишганди.

Аммо улардан аксариятининг ўзбеклар эканликлари айтилади.

Биз жануб аҳолисини яраштириш йўлида олиб борилаётган бу каби саъй-ҳаракатларга жабрдийдаларнинг ўз муносабатларини билиш учун ўшлик инсон ҳуқуқлари фаоли Равшан Гапиров билан ҳам боғландик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди