ОХҲТ Қозоғистондаги сайловолди жараёнларидан норози эканини айтмоқда

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг баён қилишича, Қозоғистонда муддатидан илгари чақирилаётган президентлик сайловлари арафасида оммавий-ахборот воситаларининг фаолияти чекланган, мураккаб ва мавҳум қонунлар эса, қатор номзодларнинг рўйхатдан ўтишларига тўсқинлик қилган.

Аслида 2012 йилда бўлиб ўтиши лозим бўлган сайловлар шу йилнинг 3 апрел кунига режаланган ва унда президент Нурсултон Назарбоев дохил 4 номзоднинг иштирок этиши кутилмоқда.

Президентлик сайловларининг муддатидан илгари чақирилаётгани Қозоғистондаги мухолиф партияларнинг жаноб Назарбоевга муносиб рақобат кўрсатишларига деярли имкон қолдирмаган.

Шу боис, бўлажак сайловларда ҳам Қозоғистонни Шўролар давридан буён бошқариб келаётган президент Нурсултон Назарбоевнинг ғолиб чиқиши кутилмоқда.

Бошқа томондан, Қозоғистондаги иқтисодий ислоҳотларга бошчилик қилиб, мамлакатга 150 миллиард доллар хорижий сармоя жалб этишга муваффақ бўлган жаноб Назарбоев ўз халқи орасида ҳам катта обрўга эга.

Аммо кўпчилик маҳаллий ва хорижий кузатувчилар томонидан Қозоғистон президентининг ўзгача фикрлиликка деярли тоқат қилмайдиган раҳбар экани ҳам айтилади.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, жаноб Назарбоев президентлик сайловларини чақирмасдан сал аввал соғлиғи ва халқи имкон берган даражада Қозоғистонни бошқариш ниятида эканини ҳам очиқчасига баён қилганди.

Бошқа томондан, президент Назарбоев бўлажак сайловларда ўзининг ошкора сиёсатига ҳеч қачон очиқчасига қарши бўлмаган номзодлар билан беллашади.

Қозоғистондаги айрим мухолиф партиялар эса, "Назарбоев шоуси" эканини айтиб, сайловларни бойкот қилишларини эълон қилишганди.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг муваққат ҳисоботига кўра эса, "Қозоғистондаги қонунчилик муҳити ўз-ўзини цензура қилишга олиб келгани боис, оммавий-ахборот воситалари ҳам эркин фаолият олиб бориша олмайди".

Қозоғистон ўтган йили раислик қилган халқаро ташкилотга кўра, расмий Остона қонунларига киритиш тавсия этилган тузатишларни ҳам эътиборсиз қолдирган.

Шу пайтгача Қозоғистонда бўлиб ўтган сайловларнинг бирортаси халқаро кузатувчилар томонидан эркин ва адолатли, деб баҳоланмаган.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг айтишича, Қозоғистон конституциясида сўз эркинлиги кафолатланган бўлса ҳам, бўҳтон ва ҳақорат ҳамон жиноят саналиб, қаттиқ жазоланади.

Халқаро ташкилотга кўра, қонунлар президент ва давлат мулозимларининг хос ҳимоясини таъминлаб, уларни танқид қилган журналист ва муҳаррирлар ўтмишда жиноий жавобгарликка тортилишгани бор гап.

"Қозоқ тилидан уюштирилган ёзма ва оғзаки имтиҳонлар ҳам айрим номзодларнинг йўлларига тўғаноқ бўлди. Қозоғистон Марказий Сайлов ҳайъати томонидан тайин этилган Тил ҳайъати келган қарорлар ҳам қисман мавҳум қолмоқда," дейди Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти.

Жаъми 22 номзоддан бештаси тил синовидан ўтолмаган, тўрттаси унда умуман иштирок этмаган ва яна беш нафари қайддан ўтиш муддати тугамай туриб, ўз номзодларини қайтариб олишганди.

Халқаро ташкилотга кўра, президентликка номзодларнинг рўйхатдан ўтишлари учун шарт деб қўйилган тил синови қандай критериялар асосида жорий этилгани ҳам аниқ эмас.

"Президентликка номзодларнинг рўйхатдан ўтишлари учун лозим бўлган қонуний шарт-шароитларга ойдинлик киритишга оид тавсияларимиз ҳам Қозоғистон томонидан эътиборсиз қолди," деб айтган халқаро ташкилотнинг сайловлар бўйича масъул Демократик Ташкилотлар ва Инсон Ҳуқуқлари бўйича идораси.