Қозоғистон Бош вазири нега ижтимоий мулоқот тармоқларига бунча ўч бўлиб қолди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов бир нечта ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очган. Twitter, facebook, flickr ва youtube сайтларида ўз саҳифасини очган Бош вазир жаноблари шу орқали халққа янада яқин бўлишни мақсад қилганини айтган.

Рус тилидан ташқари инглиз, хитой тилларини биладиган Масимов интернетда анча фаоллиги айтилади. Бунгача ҳукумат сайтида ўз блогини (кундалик) очган Бош вазир бошқа амалдорларни ҳам шунга жалб қилган эди.

“Бугун мен Twitter, Facebook, Қозоғистоннинг on.kz ва llike.kz ижтимоий тармоқларида саҳифамни очдим. Youtube да видео кўришингиз мумкин, flickr.com да эса менинг вазифам ва мамлакатдаги муҳим воқеалар ҳақида бохабар бўласиз. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимни бутун дунёдаги ва Қозоғистонлаги одамлар билан бевосита мулоқот учун имконият деб биламан. Сиз билан мулоқот қилишдан мамнун бўламан. Мен билан бирга бўлинглар!”, - дея Бош вазир Карим Масимов ўз ўқувчиларини саҳифаларига чорлайди.

Масимов жаноблари ҳар бир саҳифасига ўтиш учун ўз блогида линк, яъни боғич қолдирган.

Масимовнинг facebook даги саҳифасида Бош вазирнинг турли расмий учрашувларда тушган расмлари ва турли тадбирларни бошқаргани ҳақидаги расмий хабарларни ўқиш мумкин.

Эътиборга молик томони ушбу саҳифа фақат инглиз тилида юритилмоқда.

Бош вазирнинг twitter даги саҳифаси Масимов томонидан ёзилаяпти, деган тасаввур пайдо қилади. Мисол учун у, “бугун мен Жаҳон Ислом Иқтисодий форум раҳбари билан учрашдим”, - деб биринчи шахс номидан ёзади.

Масимовнинг Қозоғистон ижтимоий тармоғидаги саҳифалари ҳозирча фаол юритилмаяпти.

Давлат раҳбарлари ва амалдорларнинг ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланиши Қозоғистонда ҳам оммалашмоқда. Шу кунгача МДҲ давлатларида Россия президенти Медведов ва айрим депутатларнинг twitter каби қисқа хабарлар чоп этувчи сайтлар орқали ўқувчилар билан бевосита мулоқотга чиқиши кузатилганди.

Замонавий мулоқот технологиялардан фойдаланиш борасида ортда қолмаслигини бир неча маротаба кўз-кўз қилган Масимовнинг янги саҳифалари қанчалик давомий ва фойдали бўлиши мумкинлиги борасида турли фикрлар бор.

Олма оталик блоггер Улан Шамшет Бош вазирнинг ижтимоий тармоқ орқали халққа яқинлашмоқчи бўлаётганини олқишлайди. Аммо ҳукуматни юритаётган Масимовнинг интернет орқали мулоқот қилишга вақт топишига шубҳа билан қарайди.

“Мисол учун мен Facebook ва "Мой мир"даги саҳифамга келиб тушган мактуб ва саволлларга жавоб бериш учун камида 4 соат вақтимни кеткизаман. Масимовнинг давлат ишларидан чалғиб ўқувчилар билан шахсан ўзи мулоқот қилишига шубҳа билан қарайман”, - дейди блоггер Улан Шамшет.

Қозоғистон интернетни назорат қилувчи давлатлар қаторига киради. Мамлакатдаги мухолиф руҳдаги газеталарнинг веб саҳифалари турли ҳужум ва тақиқлашларга учраб туриши ҳақида бот- бот гапирилади.

Livejournal.ru ва youtube сайтларининг президент Назарбоевни танқид қилувчи материалларни жойлашгани учун Қозоғистонда очилмай қолиш ҳоллари учраб туради.

“Эркин интернет учун” ҳаракати ташкилотчиларидан Бахитжан Торегожинанинг Би-би-сига айтишича, давлат раҳбари Назарбоев олиб бораёган сиёсат билан гоҳида амалдорларнинг қарашлари тўғри келмай қолади.

“Бизда эркин интернет чекланса-да, айрим амалдорларнинг қарашлари ушбу сиёсатга мос келмай қоладиган ҳоллар ҳам бўлади. Масимовнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига келсак, Бош вазир бундан олдин ҳам ўзининг илғор ғоялари билан тилга тушган. Ўз блогини очган ва қўл остидаги амалдорларига ҳам тавсия қилган”, - дейди Бахитжан Торегожина.

Бироқ Торегожина хонимнинг илова қилишича, замонавий қарашлари билан бирга Масимов жаноблари бу ишларни “хўжакўрсин”га қилиши ўтган вақт давомида синалган.

“Масимов халққа интернет орқали яқин бўлишини бир неча маротаба эълон қилган бўлса ҳам, бизнинг унга блоги орқали қилган бир неча мурожаатларимиз бесамар кетган. Кўтарган муаммоларимиз жавобсиз қолиб кетган”, - дейди "Эркин интернет учун” ҳаракатидан Бахитжан Торегожина.