Бишкекдаги 'Ўш' бозори тижоратчилари ҳукумат уйи олдида норозилик тадбири уюштирдилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Бишкек шаҳридаги "Ўш" бозори тижоратчилари Қирғизистон ҳукумати уйи қаршисида норозилик намойишига чиққанлар.

700 тача намойишчи қарама-қарши талабларни илгари сурганлар.

"Ўш" бозори тижоратчилари Бишкек шаҳри ҳокими Иса Омуркулов кўрсатмаси билан дўконларининг ёпилиши ортидан ишсиз қолганларини айтишади.

Савдогарлар мулозимлардан, дўконлари учун фақат ўзлари хоҳлаган янги жой ажратилиши ва ё ўз дўконлари қайтариб берилишини, аксинча, ҳукумат биноси олдини тарк этмасликларини таъкидлашган.

Хукумат биноси атрофида турган намойишчилар "Сизларга учинчи инқилоб керакми?", "Ош бозоридан, Хиёл бозоридан қўлингни торт!" деган шиорлар ҳамда варақаларни кўтариб туришган.

Баъзи намойишчилар ҳукумат уйи атрофидаги темир панжаралардан ошиб ўтишган ва уларни хавфсизлик ходимлари қўлга олганлар.

Полиция зобитлари тартибни сақлашга ҳаракат қилишган.

Оломон ҳуқуқ-тартибот идораси раҳбарларидан бирини бирини дўппослаган ва ҳаттоки унинг усти-бошини ечиб олишига сал қолган.

Намойишчилар бирига-бирига қарама-қарши талабларни ҳам илгари суришган. Масалан, улардан бир қисми ҳукумат билан парламентнинг истеъфосини талаб қилишса, яна бошқалари худди ўша раҳбарларнинг муаммоларни ҳал қилишини исташган.

Йиғилганлар олдига депутат Ровшан Жиянбеков чиққан. У тадбир иштирокчиларининг талабларини Олий Кенгаш депутатларига етказишга ваъда берган.

Ҳукумат ва парламент мулозимлари тижоратчилар талабларини муҳокама қилиб, натижаларини 31 март куни эълон этишмоқчи.

Пойтахт Бишкек ҳокимлиги шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган "Ўш" бозори атрофида, юзлаб режаланмаган ва рухсатсиз дўконлар ўрнатилганлигини ҳамда норозилик намойиши уюштирган савдогарларга аллақачон янги савдо жойлари тайёрланиб, уларга таклиф қилинса да, савдогарлар ўзлари воз кечаётганлигини билдирган.

Расмийларга биноан, режасиз жойлашган дўконлар, бир томондан, транспорт қатновига жиддий халақит берса, иккинчидан, тижоратчиларнинг аксари тозаликка риоя қилмайдилар.

Худди шу сабабдан шаҳар ҳокимлиги уларни бошқа бозорларга кўчириш лойиҳасини тайёрлаган.

Лекин савдогарлар ўзлари аввалдан рухсатсиз бўлса ҳам эгаллаб олган жойларидан ажралиб қолишни истамайдилар.

Ҳамда ўзларига ажратилган янги дўконлар ижара ҳақи анча кўп булади деган хавотирдалар.

Намойишчилар ҳозир ишсиз қолганларини айтишади.

Бишкек ҳокими Иса Умирқулов, Бишкек ҳокимлигининг шаҳарни тартибга солиш режалари ортга сурилмаслигини айтган.

Расмий рухсатсиз ўрнатилган дўконларни ташкилий ва оммавий ҳолда кўчириш шу йилнинг 21 январ куни бошланган.