Назарбоев сайланишига қаршилар ҳам Интернетдан фаол фойдаланмоқдалар

Қозоғистонда президентлик сайловларига оз муддат қоларкан, мулоқотнинг янги тури бўлмиш Интернетда ҳам бу мавзу кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ижтимоий тармоқларда сайловларни бойқот қилишга чақириқларини кўриш мумкин.

Қозоғистонлик ёшлар муддатидан олдинги сайловларни бойқот қилиш мақсадида Интернетда сиёсий видеороликлар жойлаганлар.

Икки мингдан тортиб 20 мингггача фойдаланувчига эга ижтимоий тармоқдаги қозоқ саҳифалари муддатидан олдин ўтказиладиган сайловларни бойқот қилишга чорламоқда.

Галим Агелеуов фаол иштирокчиси бўлган "Liberty" жамоат бирлашмаси Интернетда сиёсий фаоликка чорловчи худди мана шундай роликлар ва турли чақириқлар тайёрлаш билан шуғулланади.

Галим сайловларни бойқот қилишни ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб қилаётган фаоллардан.

"Давлат машинаси фақатгина бир шахснинг фойдасига ишламоқда. Унинг раҳнамолиги остида сўнгги йилларда мамлакат конституцияси ўзгартирилди. Парламент аҳмоқона қарорлар қабул қилди. Шармандаларча бекор қилинган референдум ва кейинчалик муддатидан олдин сайловларга айланиб кетган воқеаларнинг ҳаммаси юртимизда шиддат билан ўсган авторитаризмнинг натижасидир", - дейди Галим Агелеуов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bc
Image caption Галим Агелеусов Интернетда сиёсий фаоллика чорлайди

Галим Агелеусовнинг қўшимча қилишича, сайловларни бойқот қилиш сиёсий фаолликни англатади.

Ҳокимият органлари одамларни сайловларга мажбурий ихтиёрий қатнашишини таъминлайдиган бир вақтда Галим Агелеусов ва унинг ҳамфикрлари одамларни сиёсий фаолликка чақирмоқда.

Давлатга қарашли телеканал ва матбуотда Миллат раҳнамоси Назарбоевнинг давлат ривожи учун қилган ишлари бот-бот кўрсатилаётган бир вақтда, унга қарши кампания Интернетда авж олдирилмоқда.

3 март куни қозоғистонликларнинг имзосини олиш учун www.elbasy.net сайти очилди.

Сайт ташкилотчилари ўз исм-шарифларини ошкор қилишмайди. Улар "Назарбоев нафақага чиқсин" шиори остида имзо тўпламоқдалар.

Сайтдаги мурожаатда "100 миллиарлаб танга президент ва унинг атрофидагилар томонидан таланган. 100 минглаб оила банкларнинг ипотека қармоғига тушиб қолган. Мамлакатнинг ташқи қарзи ЯИМ ҳажмидан ошиб кетган. Ташқи қарз болалар дохил ҳар биримизга 7 минг доллардан тўғри келади", дейилади.

Сайтда Назарбоевни кетишини истаганлар шу кунгача 600 тага яқинлашиб қолган.

Ҳукумат вакиллари шу вақтгача Интернетдаги норозиликлардан жиддий хавф кўрмаётганини айтиб келишади.

Президент маслаҳатчиси Ермухамет Ертисбаев мухолифат ҳақида гапираркан, шундай деганди:

"Улар одамларни кўчага олиб чиқадиган Миср мухолифатчиларининг етакчилари эмас. Бизнинг мухолифат жуда одобли, тартибли, улар виртуал оламда ишлашади – фақатгина Интернет орқали мурожаат қилишади, халқ уларни кўрмайди ва эшитмайди", - дейди Ермухамет Ертисбаев.

Интернетда фаол қатнашувчи блогер Улан Шамшет ҳам ижтимоий тармоқлар орқали одамларни митингларга олиб чиқиш учун ҳали вақт келмаганини айтади.

"Facebook орқали Мисрда бўлгани каби оммани кўтаришнинг имкони йўқ. Бир нарсани эътиборга олиш керакки, бизда фаол иштирокчилар Интернет фойдаланувчиларнинг 20 фоизини ташкил қилади. Мисол учун биз 20 минглик саҳифамиз қўлловчиларини флэш мобга чорлаганимизда шундан 100 таси келганди", - дейди блоггер Улан Шамшет.

Шундай бўлса-да Интернетда фаол бўлган турли ҳаракатлар сиёсий роликлар чиқаришда давом этишмоқда.

Youtube видео порталига жойлаштирилган роликда ўзгартирилган овоз билан қозоғистонликларнинг давлат каналларини кўриб манқуртга айланиб бораётгани ва муттасил алданаётгани ҳақида гапирилади.

"Liberty" жамоат бирлашмасидан Галим Агелеуов, у каби ёшлар Интернет орқали одамларнинг сиёсий онгини оширишда тўхтамаслигини айтади. Улар шу йўл билан ҳукуматни ҳам босқичма-босқич ислоҳатлар ўтказишга чақиришмоқчи.

"Агар ҳукумат чақириқларга эътибор бермаса, авторитар машинани қўллашда давом этиб, мурватларни қаттиқроқ бураса, ўшанда Интернет ижтимоий портлашга катализатор вазифасини ўтаб бериши мумкин", - дейди Галим Агелеуов.