Қозоқ рўзномаси бош муҳаррири тақдири номаълум қолмоқда

Image caption "Голос республики" Қозоғистонда таниқли "Республика" рўзномасининг ворисидир

Қозоғистондаги "Голос республики" рўзномаси бош муҳаррири Дониёр Молдашев ҳамкасбларига қўнғироқ қилган, бироқ бу телефон қўнғироғи унинг тақдири борасидаги хавотирларни аритмаган.

Таҳририят Дониёр Молдашевнинг душанба куни ғойиб бўлгани ҳақида ахборот тарқатган, у ўғирлаб кетилган бўлиши эҳтимолини билдирган эди.

Сешанба куни кечқурун "Голос республики" рўзномаси ходимларидан бирига телефон қўнғироғи бўлган, унда Дониёр Молдашев фақат "мен Минскдаман" деб айтган, холос.

Ҳамкасбларининг Би-би-си айтишича, унинг овози таҳликадаги киши овозига ўхшаган, унга савол беришларига улгурмасларидан телефон гўшагини қўйиб қўйган.

"Голос республики" рўзномаси журналистларига кўра, Дониёр Молдашев 26 март куни Олма-Отадаги уйи ёнида дўппосланган.

Таҳририят бош муҳаррирнинг Москвага хизмат сафарига боргани ва Москвада унинг ортидан кузатиб юрилгани аниқлангани ҳақида хабар тарқатганлар.

Дониёр Молдашев шанба - 26 март куни тонгда Москвадан Қозоғистонга қайтади, у уйи яқинида калтакланган, дейишди рўзнома ходимлари.

"Голос республики" ходимларининг жаноб Молдашевга иқтибосан айтишларича, у дам олиш куни бўлгани учун ҳеч қаёққа мурожаат қилмаган, фақат шифокор кўригида бўлган.

Фақат душанба куни ҳамкасблари унинг дўппослангани ва Москвадан олиб келган ҳужжатлари ва редакция фотоаппарати йўқолганидан хабардор бўлганлар.

Дониёр Молдашев уйига борган рўзнома ходимларига ҳеч ким эшикни очмаган ва қарийб уч кун мобайнида у ҳақда ҳеч қандай хабар бўлмаган.

Таҳририят Дониёр Молдашев ғойиб бўлгани ҳақида хабар тарқатаркан, 2005 йилдаги Қозоғистондаги сайловолди кампанияси чоғида ҳалок бўлган журналист Оксана Никитина билан рўй берган ҳодиса такрорланишидан хавотир изҳор этилади.

"Голос республики" рўзномаси Қозоғистонда ўзининг танқидий мақолалари билан танилган "Республика" газетасининг ворисидир.

"Республика" ходимлари ўзларига нисбатан Қозоқ расмийлари томонидан кўплаб босимлар бўлганини, ниҳоят маҳкама рўзномани йирик миқдорда жаримага тортиб фаолиятини тўхтатишга мажбур этганини айтадилар.

2009 йилда ижодий ходимлар "Голос республики" рўзномасига асос солганлар, бироқ бу газетани ҳам Қозоғистондаги аксар босмахоналар чоп этишдан бош тортганлар.