Ғарб ливиялик исёнкорларга қурол тарқатиши керакми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ливиядаги исёнчиларни Ғарб қуроллантириши керакми, деган масалада дунёда баҳслар давом этмоқда.

Ливия ҳукумат кучлари қурол-аслаҳа ва ҳарбий тайёргарлик бобида заиф исёнчиларни ортга суриб бораркан, исёнкорларни дастаклаш зарурати ҳақида чақириқлар ҳам кучаймоқда.

НАТО раҳбарияти ливиялик исёнкорларга қурол-аслаҳа тарқатилмаслигини айтмоқда. Бироқ Ғарб раҳбарлари орасида Муаммар Қаддофий тузумига қарши курашаётган инсонларни қуроллантириш керакми ёки йўқми, деган масалада баҳс-мунозаралар тингани йўқ.

Таҳлилчиларга кўра, Советларга қарши Афғонистон муужоҳидларини қуроллантирган Ғарб ўз вақтида бутун бошли жиҳодий армияга йўл очиб берган.

Кузатувчилар, бу ўринда Толибон ҳаракати ва "Ал-Қоида" сафида бугун энди Ғарбнинг ўзига қарши курашаётган гуруҳларга ишора қилишмоқда.

Аммо 80-йиллардаги "озодлик курашчилари" ёки Афғон мужоҳидларидан фарқли тарзда, Ливиядаги бугунги исёнчилар демократия истаётган намойишчилар сифатида дунёга тақдим этилмоқда.

Би-би-си таҳлилчиси Жонатан Маркуснинг айтишича, Ливиядаги исёнчи мухолифат орасида "Ал-Қоида"га боғлиқ айрим унсурлар борлиги хусусида НАТО вакиллари хавотир билдиришган.

"Ҳамон Ливиядаги исёнкорлар сафида курашаётган одамлар кимлигини батафсил билмаймиз" - дейди Жонатан Маркус - " Ливиядаги тузум ўтмишда террорни қўллаган ва унинг одамлари чет элларга бориб, жанглар ҳам қилишган. Айни пайтда, Қаддофий тузумидан жабр кўрганлар орасида ҳам террорга мойиллик ўта кучли".

Узоқ йиллик яккаҳоким давлат раҳбарларига қарши Араб давлатларидаги сўнгги норозилик амаллари Ғарбда "инқилобни Исломий кучлар илиб кетади" мазмунидаги ҳадикларга ҳам етаклаган.

Масалан, Мисрдаги аксилҳукумат намойишлари ортидан "Мусулмон Биродарлари" гуруҳининг қудратга келиши эҳтимоли борасида Исроил, Оврўпо ва Америкада хавотирлар юзага келганди.

Шу боис демократия ва яхшироқ яшаш учун курашаётган ливияликларга ёрдам кўрсатиш зарур, деган фикр ёнида бу исёнчиларнинг барчаси ҳам эркинлик истаётган халқни намоён этадими, деган саволни тобора кўпроқ ғарбликлар ўртага қўя бошлашган.

Айни дамда, тарихдан сабоқ чиқариб, исёнкорларга қурол-аслаҳа берилмасин, деган қараш Ғарбга ўз кучини кўрсата бошлаётган Россия ва буткул аксилғарб мавқеида турадиган Эрон каби мамлакатларда анча баланд жарангламоқда.

Айрим таҳлилчиларнинг айтишича, ўз даврида Ғарбнинг энг катта хатоси Афғон мужоҳидларини қуроллантириш эмас, балки Совет ишғоли ортидан урушга ўрганиб қолган бу мужоҳид гуруҳларини ўз ҳолига ташлаб қўйиш бўлган.