Хитой Шинжон Уйғуристонини 'халқаро савдо маркази'га айлантирмоқчи

Хитой ҳукумати олис ғарбий минтақаси бўлмиш Шинжон Уйғуристони маркази саналмиш Урумчи шаҳрини 2020 йилга бориб "халқаро савдо маркази"га айлантирмоқчи.

Хитой давлат телевидениесининг хабар беришича, расмий Пекин шу йўл билан беқарор минтақаси аҳолисининг кўнглига йўл топмоқчи.

Шинжон уйғур автоном бўлгаси 2009 йил июл ойида қонли миллий низоларга ҳам саҳна бўлганди.

Ўшанда ҳанлар ва уйғурлар ўртасидаги зўравон тўқнашувларда 200 дан кўпроқ одам ҳаётдан кўз юмганди.

Охирги йилларда Шинжон уйғур мухтор бўлгасида маҳаллий уйғурлар билан ҳанлар ўртасидаги таранглик ортиб бормоқда.

Сўнгги ўн йилликлар мобайнида азалдан уйғурлар истиқомат қилиб келган ҳудудга миллионлаб хитойлик ҳанлар кўчиб борган.

Ҳозирги вақтга келиб Шинжон Уйғуристонининг аксар аҳолиси ҳанлардан иборат.

Ҳанлар сони Шинжон пойтахти Урумчи шаҳрида ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Аксарият уйғурлар меҳнат бозорида ҳуқуқлари топталиши ва ҳукуматнинг Шинжонни ривожлантириш ҳаракатларидан асосан ҳанлар фойда кўриб келишларидан шикоят этишади.

Уларга кўра, ҳукуматнинг бу каби ташаббуслари минтақага янада кўплаб ҳанларнинг оқиб келишларига замин яратади.

Энди эса, Хитой ҳукумати минтақани тараққий топтириб, у ерда янги иш ўринларини яратиш ниятида эканини айтмоқда.

"Синхуа" ахборот агентлигининг хабар беришича, Урумчи "марказий шаҳар"га айлантирилиб, нақлиёт тизими яхшиланади ва "жаҳон андазалари"га жавоб берувчи иккита янги туман барпо этилади.

Хабарларга кўра, Урумчини марказий Хитой билан боғловчи янги темирйўл, янги ҳаво терминали ва ҳаттоки, янги аэропорт ҳам қурилади.

Хитойлик масъулларга кўра, "2009 йилги қонли зўравонликлар ортидан Шинжон уйғурмухтор бўлгасини ривожлантиришга жиддий ҳаракат қилишмоқда".

Аммо "Синхуа" ахборот агентлиги минтақага қанча сармоя киритилмоқчи бўлаётгани ёки режаланаётган лойиҳалардан аниқ қай бири уйғурларни кўзда тутиши тафсилотларига тўхталмаган.

Шинжон уйғур мухтор бўлгаси Хитой учун муҳим стратегик аҳамиятга эга. Шинжон уйғур автоном минтақаси Россия ва Қозоғистон дохил марказий ва ғарбий Осиёдаги саккиз давлат билан қўшнидир.

Бўлга, бундан ташқари, Хитойдаги энг кўп бандаргоҳга эга бўлган ҳудуд ҳам саналади ва нефту газ захираларига ниҳоятда бой.

Ўтган йил охирида Хитой юань миллий пул бирлигига асосланган чегараоша сармоя келишувларини амалда синаб кўриш учун ҳам биринчи бўлиб асосан мусулмонлар истиқомат қилувчи Шинжон уйғур автоном бўлгасини танлаганини эълон қилганди.

Биз расмий Пекиннинг режасига оддий уйғурларнинг муносабатини билиш учун улардан бирини суҳбатга чорладик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди