Машҳур Ҳолливуд актёри Азимжон Асқаровни озод этиш кампаниясига қўшилди

Ҳолливуднинг энг ёрқин актёрларидан бири Мартин Шин қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровнинг тақдири ҳақида Фронтлайн ташкилоти билан бирга махсус видео мурожаатнома эълон қилди.

Youtubeга қўйилган баёнотда ноҳақ қамалган Азимжон Асқаровни озод қилишга чақирган Мартин Шин.

"Азимжон Асқаров 25 йилдан бери Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари бузилишини ҳужжатлаштириб келган бир фаолдир. Бугун эса у умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда. Уни адолатсиз бир маҳкама ҳукм қилган. Ҳибсдалигида калтакланган. Ўз ҳимоячиси билан ҳам кўришишга рухсат берилмаганди. Ўтган йили уни калтаклашлар оқибатида олинган гўё полициячининг қотиллигига алоқадорлик иқрорлари асосида ҳукм қилдилар. Унга нисбатан бирор бир аниқ далил кўрсатилмади. Қайтага миллий омбудсмен параллел тадқиқот олиб бориб, айбловлар сиёсий сабабларга асосланган деб хулоса қилди. Азимжон Асқаров бегуноҳ ва сизнинг ёрдамингизга муҳтож. Мен Мартин Шинман, бизнинг Азимжон Асқаровни озод этиш ҳаракатларимизга қўшилинг" дейилади машҳур актёрнинг мурожаатида.

Тутқунликда 60 ёшини нишонлаган Азимжон Асқаров 2010 йили июн ҳодисалари пайтида Жалолободга яқин Бозорқўрғон туманида уюштирилган хунрезликларни видео ва фототасвирларга олиб ҳужжатлаштирган, орадан бир неча кундан кейин Қирғиз милицияси томонидан ҳибсга олинган эди.

Дастлабки тергов пайтида Азимжон Асқаров милиция ходимлари томонидан қийноқларга тутилгани ошкор бўлди.

2010 йил сентябрида ўтган маҳкама Азимжон Асқаров ҳамда яна етти инсонни Бозорқўрғонда милиция ходимини ўлдиришда айбдор деб топиб бир умрлик қамоқ жазосига ҳук этди.

"Амнести Интернэшнл", "Ҳюман Райтс Уотч" ва қатор халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаров устидан маҳкамани сохта айбловларга ҳамда сиёсий сабабаларга асосланган дея кескин танқид этдилар ва жаноб Асқаровнинг зудлик билан озод этилишига чақирдилар.

Қароргоҳи Прагада жойлашган Муҳтож инсонлар инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилоти Homo Homini йиллик халқаро мукофотига тутқунликда сақланаётган ўзбек фаоли Азимжон Асқаровни муносиб деб топди.