Қозоғистонда сайлов: катта ўзгаришлар кутилмайди

Image caption Элбошига овоз берайлик дейилади юзлаб плакатлардан бирида

Қозоғистон Марказий Осиёнинг шиддат билан ривожланаётган давлати ҳисобланади. Нефть, мис, уран каби табиий бойликларнинг эвазига ўтган 15 йил давомида экспорт миқдори қарийб 11 баробар ўсиб бугунги кунда 60 миллиард долларни ташкил қилмоқда.

Лекин мутахассислар ушбу миллиардлаб долларларнинг нафи оддий халққа тегмаслигини айтади. Шундай бўлса-да, бўлажак сайловларда 70 ни қаршилаган Назарбоевнинг катта фарқ эвазига ғалаба қозониши кутилмоқда.

Арман Олма отадаги Америка фармацевтик компаниясида ишлайди. Бўш вақтларида кўчада киракашлик қилади. Арман 3 йил АҚШда тиббиёт соҳасида ўқиб ишлаб келган. Касби уролог бўлган бу йигитнинг ота оналари ҳам шифокор. Афсуски ўз севган касбим бўйича Қозоғистонда ишлай олмайман дейди у.

“Айтганимдек, мен ҳозир фармацевтика соҳасидаги фирманинг бошқарув бўлимида ишламоқдаман. Мен урология соҳасини ўрганиш учун жуда кўп вақтимни сарфладим. Аммо Қозоғистонга келиб билдимки, мен ҳеч кимга керак эмас эканман. Мен хорижда олган билимим бу ерда керак эмас. Атрофга қарасам менга ўхшаганлар кўп экан”, - дейди Арман.

Image caption Арман сайловларда катта ўзгариш кутмайман дейди

Арман Қозоғистондаги авж олган коррупциядан нолийди. Ҳамма нарсани сотиб олса бўладиган ҳолга келиб қолганини айтади. Мамлакатнинг коррупция ботқоғига ботишда у давлат раҳбари Назарбоевнинг ҳам каттагина ҳиссаси борлигини айтади.

Аммо шундай бўлса ҳам Арман якшанба куни ўтадиган сайловларда овозини Назарбоевга бермоқчи. У Назарбоевдан бошқа муқобил вариант кўрмаётганини айтади.

Арманга кўра, сайловлардаги муқобил вариантнинг йўқлиги Қозоғистонни бошқара оладиган лойиқ одамларнинг умуман йўқлигини англатмайди.

“Бизда сўз эркинлиги йўқ. Ҳамма ОАВ президентни қўллайди. Ҳаммаси бир киши томонидан эгаллаб олинган. Агар давлатни бошқаришга лойиқ одам бўлса-да, биз уларни кўрмаймиз”, - дейди Америкада таҳсил олиб келган Арман.

"Қўшнилардаги муаммолар Назарбоевга қўл келмоқда..."

Image caption “Қимматчилик бўлаётгани озроқ чатоқ бўлаяпти. Бироқ бошқа элларни кўриб шукр деймиз. Бошлиқларга Худо инсоф, куч қувват, ақл ва фаросат берсин”

Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари орасида иқтисоди анча ривожланган давлат сифатида қаралади.

Сўнгги ўн беш йил ичида мамлакатнинг экспорт ҳажми 11 баробар кўтарилиб 60 миллиард доллардан ошиб кетди. Мустақилликка эришилгандан бери мамлакатга 122 миллиард доллардан ошиқ сармоя киргани ва мамлакат яқин келажакда дунёнинг энг кўп нефт экспорт қилувчи 5 давлатдан бирига айланиши айтилади.

Мутахассисларга кўра нефт, мис, уран орқасидан келадиган миллиард миллиард долларлар фақатгина президент Назарбоев атрофидаги бир гуруҳ зодагонлар қўлида тўпланиб қолган.

Назарбоевнинг ўртанча қизи ва куёви капитали кўплигидан Форбснинг миллиардерлар рўйхатидан ўрин олган.

Президентликка собиқ номзод Серик Сапаргали ўтмишда мамлакатнинг йирик нефт компанияларида ишлаган. Сапаргали жаноблари мамлакат бойлиги халққа тегмаяпти деган фикрни қўллаб қувватлайди.

“Қандай бойликлар йўқотаётганимизни мен биламан. Буларнинг ҳаммасини халққа қайтариш учун ҳали ҳам кеч эмас. Аммо вақтимиз оз қолмоқда”, - дейди Серик Сапаргали.

Нафақа ёшидаги момо Остонадан келган. Олма ота кўчаларининг бирида савдо қилади. 200 доллар атрофидаги нафақаси ҳаёт кечириш учун етмаслигини айтади. Аммо якшанба кунги сайловларда овозини Назарбоевга беради.

Image caption Назарбоев билан сайловда беллаша оладиган рақиб йўқ

“Қимматчилик бўлаётгани озроқ чатоқ бўлаяпти. Бироқ бошқа элларни кўриб шукр деймиз. Бошлиқларга Худо инсоф, куч қувват, ақл ва фаросат берсин”, дейди сотувчи онахон.

Мутахассислар муддатидан олдин ўтказилаётган сайловларда Назарбоевнинг яққол пешқадамга айлантирган нарса фақатгина иқтисодий ютуқлар эмаслигини айтишади.

Бутун Қозоғистонни қамраб олган давлат телеканалларининг фақат бир одамни тарғибот машинасига айлангани ва қўшни давлатлар Қирғизистон ва Тожикистондаги нотинчликлар, Ўзбекистондаги ишсизлик Назарбоевга қўл келаётганини айтишади.

Сиёсатшунос Расул Жумалига кўра сайловларнинг ўта қисқа муддатга белгилангани Назарбоев рақибларига ноқулайлик туғдирган.

“Қолган номзодларнинг сайлов олди тарғибот ўтказиши учун жуда ҳам оз вақт қолдирилди. Айнан шу сабабга асосланиб Қозоғистондаги бир қатор сиёсий партиялар уни байқот қилди”, - дейди Расул Жумали.

Расул Жумалининг қўшимча қилишича, мамлакатнинг ижтимоий қатламидаги кам таъминланган табақа муаммоларга қарамасдан Президент Назарбоевга овоз беради. Бошқа номзодларнинг халқ орасида кам танилганлиги сайловчиларни шундай қарорга келишига асосий сабаблардан, дейди у.