Қозоғистонда президентлик сайловлари бўлиб ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Остонада овоз берган Президент Нурсултон Назарбоев муддатидан илгари сайловлар ўтказиш қарорини ҳимоя қилган.

Жаноб Назарбоев қозоғистонликлар "эркин ва адолатли сайловлар"да овоз беришаётганини айтган.

Якшанба кунги овоз бериш жараёнлари Қозоғистонни 20 йилдан буён бошқариб келаётган 70 ёшли Президент Назарбоевнинг қудратини учинчи ўн йилликка томон кенгайтириши кутилмоқда.

2007 йилда Конституцияга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, жаноб Назарбоев хоҳлаган муддатича президентликка номзодини илгари сура олади.

Сайловларда яна уч номзод - атроф-муҳит фаоли Мэлс Елеусизов, Қозоғистон ватарпарварлари партиясидан Ғани Қосимов ҳамда коммунистик партиядан Жамбил Аҳматбековлар иштирок этишмоқда.

Президентликка номзод эколог Мэлс Елеусизов Олма-отадаги сайлов участкасида ўз овозини амалдаги президент Нурсултон Назарбоевга берганини маълум қилган.

У ғолиб одамга овозни бериш керак, деган.

Асосий мухолифат партиялари президентлик сайловларига тайёргарлик кўриш учун етарли вақт берилмаганини айтишмоқда.

Улар сайловларни адолатсиз, деб атаб, овоз бериш жараёнларини бойқот қилишга чақирганлар.

Аммо танқидчилар мухолифат жаноб Назарбоевга ҳақиқий рақиб бўла оладиган ягона номзодни илгари суролмасдан ўзнинг заифлигини намойиш этди, дейишмоқда.

Муддатидан илгари сайловлар икки ойдан камроқ вақт аввал жаноб Назарбоев томонидан чақирилган.

'Келажак учун овоз'

Остонада оиласи билан овоз берган президент Назарбоев сайловчиларга фаоллиги учун миннатдорчилик билдирган.

“Биз келажагимиз, фарзандларимизнинг келажаги учун, халқимизнинг ўсиб бораётган фаровонлиги учун, бизнгинг умумий уйимиз бўлган Қозоғистон республикасининг келажаги учун овоз берамиз”, - деган Назарбоев жаноблари.

Жаноб Назарбоевга кўра, ушбу сайловлар тарихийдир, чунки улар Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллиги арафасида ўтмоқда.

"Бугунги овоз бериш жараёнлари бизнинг бирдамлигимизни намойиш этади", деган жаноб Назарбоев.

Амалдаги президент сайловларда мингдан ортиқ халқаро кузатувчилар иштирок этаётганини урғулаган.

Ҳозирга қадар қонун бузилишлари ҳақида хабарлар олинмаган.

Сайловчилар сони

Асосий савол кимнинг ғалаба қозониши эмас, балки қанча одамнинг сайловларда иштирок этишидир.

Олма-Отадаги мухбиримиз Шодиёр Сафга кўра, Қозоғистоннинг тижорий пойтахтида сайловчиларнинг фаол қатнашаётгани кузатилган.

Шаҳар марказида жойлашган сайлов участкасида нафақахўрларнинг бошқа ёшдагиларга нисбатан кўпроқ келаётганини кўриш мумкин.

Илк марта қатнашаётган, кам таъминланган нафақахўрлар ва туғилган кунини нишонлаётган сайловчиларга ҳокимият томонидан кичик совғалар тақдим қилинган.

Сайловларнинг илк расмий натижалари душанба куни тонгда эълон қилиниши кутилмоқда.

Агар сиз Қозоғистондаги сайловларда иштирок этаётган ёки кузатаётган бўлсангиз, бизга ўз фикрларингизни йўлланг.

SMS рақамимиз:

+447786201124

Электрон почтамиз манзили: uzbek@bbc.co.uk