Нурсултон Назарбоев яна беш йиллик муддатга мамлакат президенти этиб сайланди

Якшанба куни Қозоғистонда бўлиб ўтган президентлик сайловларида яна Нурсултон Назарбоев ғолиб чиққан.

Марказий Сайлов Комиссияси берган рақамларга кўра, Назарбоев жаноблари 95.5% овозни қўлга киритган. Хабарларга кўра, жараёнда сайловчиларнинг қарийб 90 фоизи иштирок этган.

Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни ҳали Қозоғистон Совет Иттифоқи таркибида бўлган 1980 йиллардан бери бошқариб келади.

Би-би-си мухбирига кўра, Нурсултон Назарбоевнинг яна ғалаба қилишига шубҳа бўлмаган, аммо 95.5 фоиз овоз ҳатто тарафдорларини ҳайратга солиши мумкин.

Марказий Сайлов Комиссиясига кўра, қолган уч номзоднинг ҳар бири 2%дан камроқ овоз тўплашган.

Қозоғистонга қарийб 400 нафар халқаро кузатувчисини йўллаган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ушбу сиёсий жараённи танқид қиларкан, ўтмишда ўтказилган сайловлардаги каби камчиликларга йўл қўйилганини айтган.

Танқидчилар сайловчиларнинг 90 фоизи иштирок этгани баъзи саволларни қўзғаши мумкинлигини урғулашган. Айрим хабарларга кўра, талабалар олийгоҳлардан қувилиш эҳтимоллари билан қўрқитилиб, овоз беришга мажбурланганлари айтилади.

'Рақобатсиз пойга'

Сайловлар техник жиҳатдан яхши ташкиллаштирилган бўлишига қарамай, мухолифат тарафидан номзодларнинг йўқлиги жараённи рақобатсиз пойгага айлантирган.

Чекланган сондаги номзодлар жорий Президент Назарбоев жанобларини мағлуб қилишга ҳаракат қилмаганлар.

"Биз натижалардан ҳайратга тушмадик, лекин охирги бир неча йил мобайнида ислоҳотлар борасида сўз кетаётган ва ўтган йили ташкилотга раислик қилган мамлакатда бу каби ҳолатдан ҳафсаламиз пир бўлди. Бу сайловлардан бизнинг умидларимиз каттароқ эди. Афсуски, ўтган сайловларда кузатилган камчиликлар яна рўй берди. Қозоғистонда сайловларга оид аҳволнинг яхшиланиши ваъдалари ҳануз амалга ошмаган", деб айтган Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Остонадаги вакили Хенс-Хаген Эшенбехер.

"Қозоғистон мустақилликка эришганидан бери кўп нарсага эришган эса-да, ушбу сайловлар мамлакат демократик мажбуриятларни бажариш йўлида ҳамон ишлаши кераклигини кўрсатди", деб айтган ОХҲТнинг қисқа муддатли кузатувчилар ҳайъатига бошчилик қилаётган Тонино Писула.

"Сайлов кутилган муваффақиятни намойиш қилолмаган бўлса-да, мамлакат буни келажакдаги сайловларни яхшилаш ва ҳақиқий рақобатни таъминлаш учун тажриба сифатида фойдаланади, деб умид қиламиз", дейди у.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг узоқ муддатли кузатувчилар гуруҳи раҳбари Даан Эвертсга кўра, улар "афсуски, ушбу сайловларни яхшироқ бўлиши мумкин эди ва яхшироқ бўлиши керак эди", дея хулоса қилишган.

"Жараён узоқ кутилган ислоҳотларнинг келаси парламент сайловларидан олдин амалга оширилиши зурурлигини кўрсатган.

Ўтган сафарги президентлик сайловлари билан қиёслаганда матбуот янгиликларда номзодларни ёритишда тенгроқ ёритишга ҳаракат қилган. Бироқ, янгиликлардан ташқари сайловга оид таҳлилий дастурлар берилмаган. Умумий маънода сайлов жараёни осойишта ўтган, лекин кузатувчилар жиддий қаллобликларни рўйхатга олишган. Айни пайтда овозларни санаш жараёнида шаффофлик бўлмагани айтилган.

Айрим ҳолларда халқаро кузатувчилар фаолиятига чекловлар бўлган. Кўпроқ сайловчилар иштирокини таъминлаш учун кўплаб маҳаллий маъмурларнинг аралашуви кузатилган.

ОХҲТ кузатувчиларига кўра, қозоқ расмийларининг сайлов қонунларига тузатишлар киритишганига қарамай, ташкилот андазаларига мос тушмайдиган жиҳатлар ҳамон мавжуд.