'Қозоғистондаги босмахона раҳбари Минскда топилган'

"Голос Республики" газетасини чоп этувчи босмахонанинг ғойиб бўлгани айтилган директори Дониёр Молдашевнинг укаси ўз акасини Минскдан топганини хабар қилган.

"Голос Республики" газетаси бош муҳаррири Оксана Макушинанинг Би-би-сига айтишича, Асқар Молдошев Белорус пойтахтига 3 апрел куни учиб кетган. У бугун газета адвокати Сергей Уткинга қўнғироқ қилган ва Дониёр тирик экани, аммо ҳали мамлакатга қайтмоқчи эмаслигини маълум қилган.

Оксана Макушинага кўра, Асқар Молдошев акасининг ҳозир Қозоғистонга қайта олмаслиги сабабларини тушунтирмаган.

Асқар Молдошевнинг душанба куни Олма отага қайтиши кутилмоқда.

"Кечаги кунга қадар бизга фақат Асқар Молдашев акасининг бедарак кетгани борасида полицияга мурожаат қилгани маълум эди. У полиция бўлимига кириши билан Дониёрдан экани айтилган телефон қўнғироқлари бўлган. Уни полициянинг туман бўлимига юборишар экан, яна шундай ғалати ҳол рўй берган - у полиция бўлимига кириши билан Дониёрдан қўнғироқ келган ва ҳеч қандай ариза бермасликни сўраган. Шунга қарамай, полицияга ариза қолдирилган. Кейин, у кеча Минскка учиб кетганди", дейди Оксана Макушина.

"Голос Республики" газетасини чоп этувчи босмахона директори Дониёр Молдашевнинг калтакланганидан 2 кун ўтиб ғойиб бўлгани хабар қилинганди.

Дониёр Молдошев ғойиб бўлганидан 2 кун ўтиб ҳамкасбларига телефон қилган ва ўзининг Минскда эканини айтган.

"Голос Республики" таҳририяти Дониёр Молдашевнинг ўғирлаб кетилган бўлиши эҳтимолини билдирган эди.

Газета Қозоғистонда ўзининг танқидий мақолалари билан танилган "Республика" газетасининг ворисидир.

"Республика" ходимлари ўзларига нисбатан Қозоқ расмийлари томонидан кўплаб босимлар бўлганини, ниҳоят маҳкама рўзномани йирик миқдорда жаримага тортиб фаолиятини тўхтатишга мажбур этганини айтадилар.

2009 йилда ижодий ходимлар "Голос Республики" рўзномасига асос солганлар, бироқ бу газетани ҳам Қозоғистондаги аксар босмахоналар чоп этишдан бош тортганлар.