Тожикистон Ислом Уйғониш партияси 'Қуръон'нинг ёқилишини кескин қоралади

Image caption Америкалик руҳоний Терри Жонеснинг наздида "Қуръон" зўравонликни тарғиб этади

Тожикистоннинг мухолифатдаги Ислом Уйғониш партияси сиёсий кенгаши баёнот билан чиқиб, яқинда АҚШнинг Флорида штатида "Қуръони Карим"га ўт қўйган америкалик руҳонийнинг қилмишини кескин қоралади.

Партия баёнотида айтилишича, "бу - экстремизмнинг яққол бир кўриниши ва инсоний қадриятларга қарши содир этилган жиноят сифатида баҳоланувчи амалдир".

"Америкалик руҳоний Терри Жонеснинг иши маданиятлар ва тамаддунлар ўртасидаги мулоқотга путур етказиб, миллатлараро низоларнинг келиб чиқишига туртки бериши мумкин," дейилади Тожикистон Ислом Уйғониш партиясининг баёнотида.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси дунё давлатлари, халқаро ташкилотларни бир четда қараб турмасдан, ушбу бузғунчилик амалини қоралаш ва мазкур масала юзасидан ягона мавқеъ тутишга ҳам даъват этган.

"Ислом ҳеч қачон террорчилик ва экстремизм дини бўлмаган. Лекин бу ҳар икки ҳолатнинг белгисини америкалик руҳоний Терри Жонеснинг амалларида кўриш мумкин," деб айтган партия раҳбари Муҳиддин Кабирий.

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси Марказий Осиёдаги расман рўйхатдан ўтказилган ягона диний сиёси партиядир. Партиянинг 40.000 дан ортиқ аъзоси борлиги айтилади.

"Қуръон"га ўт қўйиш

Америкалик руҳоний Уейн Сапп 20 март куни Флорида штатидаги ибодатхоналардан бирида Қуръон нусхасига ўт қўйган, бу жараёнда унга ўтган йили 11 сентябр ҳужумлари арафасида худди шундай режаси учун кескин танқидларга учраган америкалик руҳоний Терри Жонс бошчилик қилганди.

Терри Жонс ўтган йил сентябр ойида ҳам мусулмонларнинг муқаддас китобини ёқиш билан таҳдид қилган эди.

Аммо унинг режаси кенг матбуотнинг назарига тушиб, Ислом оламида кескин акс-садоларга сабаб бўлган ва АҚШ Президенти Барак Обама маъмуриятининг аралашуви билан ўз режасидан воз кечишга мажбур бўлганди.

Бироқ бу галги режаси Американинг ўзида унча эътибор топмаган эса-да, Интернет орқали тарқалиб, Осиё ва Яқин Шарқда кенг ёритилди.

Бунинг ортидан Афғонистонда бир неча кун давом этган норозилик намойишлари чоғида юз берган зўравонликлар боис Бирлашган Миллатларнинг ходимлари дохил ўнлаб кишилар қурбон бўлишди. Кўплаб кишиларга тан жароҳати ҳам етди.

Мазкур воқеалар манзарасида фундаменталист руҳонийнинг қилмиши АҚШ Президенти Барак Обама, БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ва Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай томонидан кескин қораланди.

Аммо, шунда ҳам, руҳоний Терри Жонес Афғонистонда юз берган ғалаёнлар ва инсоний талофатларга ўзи айбдор эмаслигини айтди.