Осиё Тараққиёт Банки қитъанинг иқтисодий тараққиёти борасида нима дейди?

Осиё Тараққиёт Банкининг янги ҳисоботида айтилишича, инфляция, геосиёсий мавҳумликлар ва иқтисодий тараққиётнинг янги манбаларини топиш муаммоларига қарамай, келаси икки йилда ривожланаётган қитъа иқтисоди барқарор ўсишда давом этади.

Банк ҳисоботида айтилишича, Осиёдаги ривожланаётган давлатларда иқтисодий ўсиш суръатлари ўтган йил билан солиштирганда сустроқ бўлса-да, 2011 йилда 8 фоизчани ташкил этади.

Ўз ўрнида банк инфляция масаласи аксарият Осиё давлатлари учун бошоғриқ бўлиши ва мазкур ҳолат ижтимоий тангликларга етаклаши мумкинлиги билан ҳам огоҳлантиради.

Осиё Тараққиёт Банки Марказий Осиё давлатлари нефт, газ, метал, пахта ва олтиннинг жаҳон бозоридаги нархи юқорилигидан фойда кўришаётганини айтади. Ва умумий олганда иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари жорий йилда 6.7 фоизни ташкил этишини башорат қилади. Бу эса, ўтган йил билан солиштирганда 0.3 фоизга кўпдир.

Ўз навбатида банк инфляция даражаси ҳам ортиши, бунга минтақадаги барча давлатларда озиқ-овқат ва нефтни четдан сотиб олаётганларида эса, ёқилғи нархларининг юқорилиги сабаб бўлганини айтади.

Банк ўз ҳисоботида Марказий Осиё давлатларидаги иқтисодий аҳволга ҳам бирма-бир тўхталиб ўтади ва ўтган йили Ўзбекистонда кучли иқтисодий ривожланиш кузатилганини таъкидлайди.

Янги ҳисоботда айтилишича, 2010 йилда асосий экспорт маҳсулотлари бўлган газ, пахта, олтин нархининг Жаҳон бозорида сакраб кетгани Ўзбекистоннинг товарлар ва хизматлар экспортини 10.8 фоизга етказган ва бунда Россия иқтисоди ўнглангани ҳам ўз самарасини бермай қолмаган.

Осиё Тараққиёт Банкига кўра, Ўзбекистондаги иқтисодий тараққиётга Россиядаги меҳнат муҳожирлари юбораётган пул миқдорининг 22 фоизга ортгани ҳам жиддий таъсир қилган.

Банк муътадил қолиши тахмин қилинаётган бўлса-да, ўзбекистонлик масъулларга инфляция даражасини назардан қочирмасликларини ҳам тавсия этади.

Осиё Тараққиёт банкининг башорат қилишича, агар хусусий секторни ривожлантириб, товарлар ва энергия соҳасидан бошқа соҳаларга ҳам эътибор қаратадиган бўлса, Ўзбекистон кенг кўламли ва изчил иқтисодий тараққиётни таъминлашга муваффақ бўла олади.

Янги ҳисоботда қолган минтақа давлатлари ҳам иқтисодий жиҳатдан анча ўзларини ўнглаб олганликлари айтилса-да, Қирғизистон бундан мустаснодир.

Банкка кўра, Қирғизистонда президент Қурмонбек Бакиевни қудратдан четлатган ўтган йилги апрел воқеалари ва июн ойида юз берган қонли этник низолар сабаб, мамлакат иқтисоди издан чиққан.

Савдо-сотиқ учун асосий нақлиёт йўли бўлган Қозоғистон ва Ўзбекистон билан чегараларнинг ёпилиши эса, вазиятни янада оғирлаштирган, дейди Осиё Тараққиёт Банки.

Ҳисоботда айтилишича, Қирғизистон иқтисодининг ўзини ўнглаб олиши янги ҳукуматнинг мамлакатда сиёсий ва ижтимоий барқарорликни қанчалик таъминлай олишига боғлиқ бўлади.