Қирғизистон ягона Божхона иттифоқига қўшилишга қарор қилди

Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида ягона Божхона иттифоқи ўтган йилнинг июлида фаолият бошлаган
Image caption Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида ягона Божхона иттифоқи ўтган йилнинг июлида фаолият бошлаган

Қирғизистон ҳукумати Россия, Қозоғистон ва Беларус аъзо бўлган ягона Божхона иттифоқига қўшилиш режасини маъқуллади.

Айни пайтда Қирғизистоннинг Божхона иттифоқига киришига оид музокараларни бошлаш учун махсус комиссия ташкил этилган.

Душанба куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғинида чиқиш қилган Бош вазир Алмазбек Атамбаевга кўра, Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан "биз барчамиз тўсатдан пайдо бўлган чегаралар билан бир-биримиздан ажралиб қолганмиз".

"Агар биз келажакда, айниқса, Фарғона водийсида тинчлик истасак, ҳаммамиз бирлашиш йўлидан кетишимиз шарт. Бу йўл эса, Божхона иттифоқига аъзоликдир. Бу кейин ягона иқтисодий ҳудуд тузилиши шарт эканини англатади. Божхона иттифоқига кириш бу - умумий ташқи чегараларни яратиш ва Қирғизистон якка ўзи мустаҳкамлай олмаётган чегараларни мустаҳкамлашдир", - деб айтган Қирғизистон Бош вазири.

Шу билан бирга унинг айтишича, Божхона иттифоқига қўшилиши ватандан ташқаридаги қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари учун ҳам қатор енгилликлар яратади.

"Бу Россия ва Қозоғистонда меҳнат қилаётган ярим миллионга яқин қирғизистонликлар турмушлари ва иш шароитларини яхшилашга хизмат қилади. Божхона иттифоқига аъзо бўлганимиздан сўнг, меҳнат муҳожирларимиз хорижда ишлаш учун мазкур давлатларда рухсатнома олиш шарти бекор қилинади. Ҳамда қирғизистонликлар Россия ва Қозоғистон фуқаролари билан тенг ҳуқуқли бўлишади", деб айтган Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев.

Аммо, Атамбаев жаноблари Қирғизистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилоти аъзоси бўлиб қолишини таъкидлаган.

Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида ягона Божхона иттифоқи ўтган йилнинг июлида фаолият бошлаган ва ягона божхона қоидалари иттифоқ ҳудудида ишлаб чиқарилган товарларни эркин олиб ўтилиши ва савдо-сотиқни янада ривожлантиришга қаратилгани айтилган.

2011 йил 1 июлидан ушбу давлатлараро божхона постлари бекор этилиши режаланган.

Image caption Айни пайтда Атамбаев жаноблари Қирғизистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилоти аъзоси бўлиб қолишини таъкидлаган

Навбатдаги босқич сифатида ягона иқтисодий ҳудудни яратиш, савдо моллари, хизматлар ва ишчиларнинг эркин ҳаракатланишларини таъминлаш кўзда тутилади. Қирғизистон Бош вазирига кўра, Божхона иттифоқига аъзо бўлиш бир вақтнинг ўзида Ягона иқтисодий ҳудудга аъзолик масаласини ҳам ҳал этади.

Баҳсу мунозаралар

Аввалроқ, Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида ягона Божхона иттифоқига аъзо бўлиши масаласи Қирғизистоннинг сиёсий ва иқтисодий доираларида баҳсу мунозараларга сабаб бўлганди.

Россияпараст давлат арбоблари тарихий муносабатлар ва ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш учун ягона Божхона иттифоқига кириш Қирғизистон манфаатларига мос тушишини айтишади. Баъзи сиёсатчилар ва иқтисодчилар эса, бу қадам Жаҳон Савдо Ташкилотига расман аъзо бўлиб тарган бир пайтда Қирғизистон учун зиддиятли экани ва бу давлат манфаатларига хилоф эканини таъкидлашади.

Уларнинг фикрларига кўра, собиқ Совет Иттифоқи аъзолари бўлган давлатларнинг турли бирлашмалари қўйган шартлар ва чекловлар Қирғизистон бундан олдин эришган ютуқларининг пучга чиқариш эҳтимоли йўқ эмас.