Тожик - ўзбек чегарасида бир Тожикистон фуқароси отиб ўлдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Тожикистон шимолидаги Суғд вилояти Зафаробод туманида истиқомад қилган Миршарипов Иномжон тожик чегарачилари тарафидан нишонга олинган. Ҳодиса Ўзбекистоннинг Хавос тумани билан чегарадош Суғд вилояти Зафаробод тумани Мирзообод қишлоғида якшанбага ўтар кечаси маҳаллий вақт билан кечки 9:00-10:00 лар атрофида юз берган.

Тожикистон чегара кучлари ҳодисани тасдиқлашган ва текширув ишлари бошланганини маълум қилишган.

Мухбиримиз Ўринбой Усмоннинг хабар қилишича, чегарачилар чегарада одамлар юрганидан хабар топишганидан сўнг, уларни тўхташга чақиришган. Лекин, чегарани бузиб ўтаётганларнинг бир қисми Ўзбекистон томонга, баъзилари Тожикистон томонга қоча бошлашган.

Чегарани бузиб ўтаётган шахслар буйруққа бўйсунишмагач, чегарачилар оёқларни нишонга олиб ўқ уза бошлашган. Ана шу ўқлардан бири тожикистонлик йигирма ёшли Иномжон Миршариповга бориб теккан.

"Тожикистон чегарачилари огоҳлантирувчи ўқ узишган ва ўқ унинг биқинига теккан. Ҳодиса кечаси содир бўлганлиги учун чегарачилар уни қочиб кетганини тахмин қилишган ва унга ҳеч ким ёрдам кўрсатмаган. Миршарипов Иномжон кўп қон йўқотиши натижасида оламдан ўтган. Кун ёришганидан сўнггина унинг қариндошлари жасадни топиб келишга муваффақ бўлишган", дейди мухбиримиз Ўринбой Усмон.

Ўзбекистонлик ва тожикистонлик ёш йигитларнинг чегара бузишга жазм этишлари борасида турлича фикрлар билдирилмоқда.

Марҳумнинг қариндошлари Иномжоннинг ота-онаси Ўзбекистонда яшашлари ва у Зафаробод ва Ховос ўртасидаги қонуний ўтиш жойи Ўзбекистон томонидан ёпиб ташлангани сабабли ота-онасини кўриш учун яширин йўллар орқали чегарадан ўтиб-қайтишга мажбур бўлганини айтишади.

Image caption Чегарада бундай ҳодиса илк бор содир бўлаётгани йўқ

Бироқ, 1991 йилда туғилган Миршарипов Иномжоннинг тирикчилик важидан Ўзбекистон тарафига яширин ўтказиладиган молларни ташиб бериш учун чегарага боргани ҳам тахмин қилинади.

Зафаробод ва Ховос туманлари ўртасидаги чегарада бу каби ҳодиса илк бор содир бўлаётгани йўқ.

Ўтган йилнинг ноябрида зафарободлик бир инсоннинг ўзбекистонлик чегарачилар узган ўқдан нобуд бўлгани ва яна бир киши яралангани хабар қилинганди.

Аслида Зафаробод билан Ўзбекистоннинг чегарадош туманларига визасиз бориб-келиш учун зафарободликларга икки мамлакат ўртасидаги келишув асосида ҳуқуқ берилган.

Лекин, икки орадаги қонуний ўтиш жойлари Ўзбекистон томонидан ёпиб ташланган.

Натижада одамлар қон-қариндошларини кўриш ва ё бошқа бирон юмуш юзасидан Ўзбекистонга ўтишга тўғри келса, чегарани бузишга мажбур бўлишлари айтилади.