Юрий Гагарин парвозига 50 йил тўлгани Қозоғистонда ҳам нишонланмоқда

Юрий Гагарин Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

"Кетдик" деган сўз билан фазога кўтарилган илк инсон зоти айнан Қозоғистон ерларидан учганди. Орадан 50 йил ўтиб Гагаринни фазога учирган Бойқўнғир космодроми ҳозиргача фазогирларни самога йўллаб келади.

Кеча ва бугун Бойқўнғир фазовий шаҳарчасида ушбу сана ҳам ўзига хос услубда нишонланмоқда. Сана Москвадаги каби катта тантаналар билан нишонланмаётган бўлса-да, мутасаддилар Гагариннинг тарихий парвозини турли концерт, мусобақа ва албатта мушакбозлик билан нишонлашни мақсад қилган.

Санани нишонлаш кеча бошланган. "Южный" фазо маркази матбуот хизмати раҳбари Сергей Маряниннинг Би-би-сига айтишича, 11 апрель куни тантанали йиғилиш бўлган ва у концертга уланиб кетган.

"Гагарин номли майдонда тантанали митинг режалаштирилган. Юрий Гагарин ва Сергей Королев ҳайкаллари остига гуллар қўйилади. Шундан сўнг байрам томошалари ва концерт бошланади. Ички ишлар ходимлари томонидан кўргазмали чиқишлар қилинади", дейди Сергей Марянин.

Бундан ташқари сана муносабати билан футбол учрашуви ташкил қилиш ва югуриш пойгасини ўтказиш ҳам режаланган. Кечга бориб эса инсоннинг фазога илк марта учишини хотирлаб мушакбозлик ўтказилади.

Шаҳарча ёпиқ бўлгани ҳамда Россияга ижарага берилгани учун у ерга ҳамма ҳам боролмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Валентина Плужникова Юрий Гагаринни ғойибона севганини айтади

Гагариннинг Бойқўнғир космодромидан фазога чиқишини қозоғистонликлар ўзгача кайфият билан кутиб олишганди.

Биринчи муҳаббат

"Роса тантана қилганмиз, юракларимиз қувончдан ёрилиб кетайин дерди. Ахир самога шу пайтгача ит ёки бошқа нарсалар учган бўлса, энди одам учганди", - дейди Валентина Плужникова.

Валентина Плужникова а ўша кунни ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Ўша вақти энди 19 га кирган Валентина қурилишда кран машинасида ишларди.

"Мен Гагаринни даҳшатли тарзда севардим. У ҳалокатга учраганда роса йиғлагандим. Мен уни яқиндан танимасдим. Чунки, бир умр Олма отада яшаганман. Лекин, қайғуга ботиб роса йиғлаганман", дейди Валентина Плужникова.

Раиса опа Давлетбакова айнан шу куни партияга қабул қилинган. У вақтлар комунистик партияга кириш учун катта чиғириқлардан ўтишга тўғри келарди, деб эслайди Вазирлар кенгашининг шифохонасида шифокор бўлган Раиса опа. Партия вакиллари билан савол жавоб бўлиб турганда ҳаммадан тинчлик сақланиш сўралади.

"Мен бошимни қашлаб турарканман, бирдан, "жим-жим, ҳамма ўрнидан турсин", дейишди. Ҳаммамиз ўрнимиздан турдик. Нима бўлаётганига менинг ақлим етмасди. Нима учун ҳамма тураяпти, деб қўрқиб кетгандим. Шунда, "Гагарин қўнибди", дейишди. Ўша дақиқада Гагарин қўнган экан. Айнан ўша куни мени партияга қабул қилишди", дейди Раиса Давлатбекова.

"Инсон фазога учди. Бу жуда ҳам қувонарли ҳол эди. Халқ тантана қилганди. Ўша пайти одамларга қўшилиб мен ҳам кўчага чиққандим. Байрамга ўхшарди", дейди олма оталик Павел Ловоров.