Қозоғистонда ҳукумат ўз таркибини қарийб сақлаб қолди

Назарбоев
Image caption Нурсултон Назарбоев яна бир бор президент этиб қасамёдга келтирилди

Қозоғистонда муддатидан олдин президентлик сайлови бўлиб ўтгач, қонунга биноан ҳукумат истеъфо берган.

Аммо, бир - икки ўзгаришларни айтмаганда ҳукумат ўз таркибини сақлаб қолди.

Кутилмаган ўзгаришлардан бири президентнинг куёви Тимур Қулибоев Самурық-Қазына миллий жамғармасига раҳбар этиб тайинланишидир.

Кузатувчилар Назарбоев кичик ўзгаришлар ортидан ҳокимиятни топширишни режалаётганини тахмин қилишади.

Қонунга мувофиқ президент сайланганидан сўнг ҳукумат автоматик равишда истеъфога чиқди. Аммо, Назарбоев яна Карим Масимов бошчилигидаги эски таркибга ўз ишончини билдирди. Депутатлар бир овоздан ушбу таклифни қўллаб қувватлашди.

- Президент томонидан бош вазирга ишонч билдирилиши ва унинг қайта тайинланиши, президентнинг тўғридан тўғри ҳукумат сиёсий жамоасига ҳам бўлган ишончини билдиради, дейди қозоғистонлик сиёсатшунос Максим Казначеев.

Бошқа бир кузатувчилар эса, ҳукуматнинг шу таркибда сақланиб қолиши бу йил пароламент сайловларидан дарак беришини айтади.

Сиёсатшунос Қанат Берентаевга кўра парламент сайловлари бўлгач, қонун бўйича ҳукумат яна истефога чиқиши ва янгиси тайинланиши керак.

Карим Масимов бошчилигида ҳукумат аъзолари вақтинчалик ушбу вазифани бажариб турадилар, холос.

Самурық-Қазына жамғармаси раҳбарининг ўринбосари бўлган президентнинг куёви Тимур Кулибоевнинг жамғармага раҳбар этиб тайинланиши унинг катта сиёсатга чиққанини англатиши айтилмоқда.

Бу ўзгартириш ўсиш деб баҳоланаётган бўлса-да, бу Қулибоевнинг президентлик тахти томон юришдаги имконларини бироз чеклаш ўлароқ қабул қилиниши мумкин.

Чунки, Қулибоевнинг Самруқ Қазинага тайинланиши унинг яқин келажакда алмашиши кутилаётган Бош вазир лавозимига тайинланишдан чеклаб қўйиш мумкин.

Охирги бир неча ой давомида Британия қироличасининг ўғли Шаҳзода Андрю билан боғлиқ коррупция даъволари ҳақидаги мақолаларда жаноб Қулибоевнинг ҳам бир неча бор тилга олиниши унинг ворислик қилишига соя солиши мумкин.

"Сўнгги вақтлардаги Қулибоев шахси атрофидаги можаролар унинг зарарига ўйнаши мумкин", - дейди сиёсатшунос Қанат Берентаев.

Шундай бўлса-да Қулибоевнинг раҳбар этиб тайинланиши ва Дариға Назарбоевнинг Нур Отан партияси сиёсий кенгашига киритилиши ушбу икки шахснинг президентлик учун муносиб номзодлар қаторига киритган.

Кузатувчилар яна бир номзод Индустрия ва янги технологиялар вазири, бош вазир ўринбосари Асет Исекешовнинг номини ҳам тилга олишади.

Назарбоев томонидан муҳим деб саналадиган индустрия ва янги технологиялар соҳасининг ишонилиб айнан Исекешовга топширилиши уни ворис сифатида кўрилишини англатиши мумкин.

"Исеешвнинг Қозоғистон иқтисодини замонавийлаштириш бўйича алоқаси кучли. Чунки у ушбу ғоянинг муаллифларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари Исекешов жаноблари турли миш миш ва можаролар билан ўралашиб қолмаган. Уни ҳеч ким билан боғлиқ қилиб кўрсатишмайди", дейди Қанат Берентаев.

Номзодлар орасида Назарбоевнинг амакиваччаси Қайрат Сатибалдининг ҳам номи тилга олинади. Қайрат Сатибалди ўтган йил қудратдаги Нур Отан партияси котиби этиб тайинланган.

Аммо, Қозоғистонда чиқадиган мақолаларда беш вақт намоз ўқийдиган Сатибалди жаноблари Марказий Осиёда унча ҳуш қаршиланмайдиган Салафийлар оқими тарафдори сифатида таъриф этилади.

Кузатувчилар кўра, унга қўйилаётган мана шу сифатлар ворислар орасида унинг номзоди имконини тушириб юборади.

Қонун бўйича фавқулотда ҳолатларда президент ўрнини Сенат раиси эгаллаши керак. Мутахассислар бу лавозимга Назарбоевнинг синалган ва эски жамосидан бири номига тайинланишини айтишмоқда. Тайинланган сенат раиси ўз навбатида фурсати келиб қолса ваколатини Бош вазирга бериши тахмин қилинмоқда.