Тожикистон шарқида ҳарбий машғулотлар ўтказилмоқдами ёки...?

Рашт водийси Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, Рашт водийсида ҳозирда ҳарбий-ўқув машғулотлари ўтказилмоқда

Тожикистон шарқий минтақаларидан олинган хабарларга кўра, пайшанба куни Рашт тумани Болошаҳри қишлоғида ҳукумат кучлари ва номаълум қуролли гуруҳ ўртасида тўқнашув юз берган.

Бу ҳақда Би-би-сига Тожикистон Ички ишлар вазирлигидаги номи ошкор бўлишни истамаган манба маълум қилган.

Ушбу манбанинг айтишича, қуролли тўқнашув натижасида Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг уч нафар ва Давлат миллий хавфсизлик хизматининг бир ходими, қуролли гуруҳнинг эса олти аъзоси ҳалок бўлган.

Унга кўра, ҳозирда Тожикистон махсус хизматлари яширинишга муваффақ бўлган мазкур қуролли гуруҳ аъзоларини қидириш амалиётини ўтказмоқдалар.

Бироқ Тожикистон Ички ишлар вазирлиги штабининг бошлиғи Тойир Норматов бу ҳодисани на тасдиқлай олиши ва на рад этишини айтди.

Пайшанба куни Рашт водийсида тожик мухолифатининг собиқ дала қўмондони Мулло Абдулло номи билан машҳур Абдулло Раҳимов гуруҳига қарши махсус амалиёт бошлатилгани ҳақида хабар тарқалди.

Аммо Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари мазкур хабарни дарҳол рад этиб, Тожикистон шарқидаги Нуробод туманида мамлакатнинг барча куч тизимлари иштирокида қўшма ҳарбий-ўқув машғулотлари ўтказилаётганини маълум қилишди.

"Машғулотларга авиация, артиллерия ва зирҳли техникалар жалб этилган", - деб айтди Тожикистон Мудофаа вазирлиги матбуот маркази бошлиғи Фаридун Маҳмадалиев.

Саркаш мухолифатчилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Али Бедакий шу йил бошида ҳукумат кучлари амалиёти чоғида ҳалок этилганди

Тожикистон ҳукумати Мулло Абдулло ва Али Бедакий тахаллуси билан машҳур Аловуддин Давлатов қўмондонлиги остидаги гуруҳларни ўтган йили мамлакат шарқида жойлашган Камароб дарасида ҳарбий автомашинага қуролли ҳужум қилишда айблайди.

Мазкур қуролли ҳужумда Тожикистон Мудофаа вазирлигининг камида 26 аскари ҳалок бўлганди.

Аловуддин Давлатов жорий йил бошида Тожикистон куч тизимлари томонидан ҳалок этилди.

Ўшанда Тожикистон Давлат Телевидениеси Али Бедакий махсус амалиёт чоғида ҳалок этилганини эълон қилди.

Амммо кейинчалик Тожикистонда бўйлаб қўл телефонлари орқали ҳуқуқ-тартибот ходимларининг Али Бедакийни қийноққа солаётгани акс этган видео тасвирлар тарқалди.

Бироқ Тожикистон Ички ишлар вазирлиги мулозимлари ушбу видео тасвирларни "қалбаки" дея рад этишди.

Тожикистон Хавфсизлик кенгашининг котиби Амирқул Азимов яқинда ўтказилган матбуот йиғинларидан бирида Али Бедакий уни қўлга олиш чоғида жароҳат олгани ва шифохонага олиб кетилаётган пайтда жон берганини изҳор этди.

Тожикистонда фуқаролар уруши йилларида мухолифатнинг энг таниқли қўмондонларидан бири бўлган Абдулло Раҳимов ҳукумат ва бирлашган мухолифат ўртасида 1997 йил июн ойида имзоланган миллий тинчлик шартномасига қўшилишдан бош тортганди.

Мулло Абдулло кўп ўтмай Афғонистон ҳудудига ўтиб кетди.

Собиқ қуролдошлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Рашт водийси Тожикистоннинг энг тоғли минтақаларидан биридир

Икки йил муқаддам унинг ўз қуролли гуруҳи билан Тожикистон шарқига қайтгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Тожикистон ҳукумати Мулло Абдуллонинг Рашт минтақасида халқаро террорчилар жамлоғини қуриш ниятида эканини иддао қилди.

Аммо бугунгача Мулло Абдуллонинг қаерда экани номаълум қолмоқда.

Шу кунларда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Рашт минтақасида мамлакат минтақавий полицияси таъсис этилиб, унга собиқ мухолифат қўмондонларидан бири Шоҳ Искандаров бошлиқ этиб тайинланганини эълон қилди.

Хабарларга гўра, Шоҳ Искандаров ўтган йил кузидан бошлаб Тожикистон ҳукумати ва мухолифатнинг қуролли гуруҳлари ўртасидаги музокараларга ўртачилик қилган.

Мазкур музокаралар натижасида собиқ мухолифатнинг бошқа бир таниқли қўмондони Мирзохўжа Аҳмадов бошчилигидаги гуруҳ ҳукуматга ўз қурол-аслаҳаларини топшириб, ҳуқуқ-тартибот тизимларининг Мулло Абдулло гуруҳига қарши амалиётларига ёрдам беришга рози бўлган.

Тожикистон шарқидаги Рашт водийси 1990-йилларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаол бўлган минтақа ҳисобланарди.