Қозоғистонда Президент Назарбоев ҳақида бадиий филм ишланди

Ҳужжатли филмдан олинган сурат- "Новости Казахстан" сайтидан олинди Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Президент болалиги ва ўсмирлигининг турли босқичларини актёрлар ижро этишган

Пайшанба куни экран юзини кўрган ҳужжатли филм "Болалигим осмони" деб номланган. Унда Қозоғистон раҳбари ҳаётининг илк даврлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Бадиий филм боши ва охирида Назарбоев жаноблари қисқа кўриниш беради. Президент болалиги ва ўсмирлигининг турли босқичларини эса, актёрлар ижро этишган.

Кинорежиссёр Рустем Абдрашов сценарийси асосида ишланган ҳужжатли филмни олиш учун 3 миллион доллар сарфлангани айтилади.

Унда Қозоғистон жанубидаги тоғларда чўпон оиласида вояга етган Назарбоев жаноблари доим тиришқоқ талаба, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилувчи, жилмайиб турадиган ўсмир сифатида тасвирланади. Кейинроқ эса, унинг илк муҳаббати билан боғлиқ саргузаштлар ҳикоя қилинади.

Танқидчилар бу каби ишларни Назарбоев шахсига сиғиниш тарғиботи бир қисми сифатида таърифлашган.

Филм директори Рустем Абдрашов эса, танқидларни рад этиб чиққан.

"Бу ерда шахсга сиғиниш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Бизда Сталиннинг қийноқ камералари мавжуд эмас ва одамлар қамоқхоналарда оч қолишаётгани йўқ", деб айтган кинорежиссёр.

Бироқ, қозоқ давлат матбуоти Президент устидан мунтазам мақтовлар ёғдириши, Президентнинг суратларини мамлакатнинг ҳар бир бурчагида кўришингиз мумкинлиги ҳақиқат.

Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни 1980 йиллар - Шўролар Иттифоқи ҳали қудратда бўлган пайтларидан бери бошқариб келади.

У ой бошларида бўлиб ўтган сайловларда расман 95 фоиздан ортиқроқ овозларни қўлга киритиб, яна беш йиллик муддатга мамлакат президенти этиб сайланганди. Аммо, халқаро кузатувчилар сайловларни камчиликлардан ҳоли бўлмаганини айтиб танқид қилишган.

Ўтган йил мамлакатнинг бир партиявий парламенти Назарбоев жанобларига "Миллат раҳнамоси" мақомини беришга қаратилган қонун учун овоз берган. "Миллат раҳнамоси" номли қонун лойиҳаси жаноб Назарбоевга махкамага тортилишдан дахлсизлик ҳамда ўз истеъфоси ортидан ҳам ҳукумат сиёсатига таъсир қилиш ҳуқуқларини беришни кўзда тутганди.

Қозоқфилм ширкати раҳбари Ермек Аманшаевнинг матбуотга айтишича, ўтган ҳафта Остонада Назарбоев жаноблари ўзи ҳақидаги "Болалигим осмони" ҳужжатли филми премъерасини кўзларида ёш билан томоша қилган.