Ўзбекистон фуқаролари Россияда бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилишди

Image caption Масъуллар сўнгги йилларда меҳнат муҳожирлари орасида жиноятчилик ҳоллари ортганини айтишса-да, ҳуқуқ фаоллари бунга шубҳа билан қарашади

Москва шаҳар маҳкамаси ўзбекистонлик Хуршид Нормуродов ва Рустам Харисовларни қасддан одам ўлдиришда айбдор, деб топиб, бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, икковлон Франция фуқароси Тьерри Спинелли, унинг рафиқаси ва уч яшар қизалоғини атайдан ўлдиришган.

Уларга шериклик қилишда айбланган яна икки нафар Ўзбекистон фуқароси эса - Жўрабой Аширов ва Ваҳоб Тўраевлар эса, қаттиқ тартибдаги колонияда ўташ шарти билан 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилишган.

Спинелли "Шато ле Гранд Восток" вино ишлаб чиқариш ширкатининг тужжорий раҳбари бўлиб ишлаган ва ўз оиласи билан Москва марказидаги Тверская-Ямская кўчасида истиқомат қилган.

Айбланувчилар эса, у яшайдиган уйнинг юқори қаватидаги хонадонлардан бирини таъмирдан чиқараётган бўлишган.

Хабарларга кўра, квартирасини сув бостириб юборганликлари учун қотиллик содир этилмасидан сал аввал улар билан француз орасида зиддият келиб чиққан.

Тергов хулосаларида айтилишича, жаноб Спинеллини тунаш учун айбланувчилар унинг хонадонини яна сув бостиришади ва француз нима юз берганини аниқлаш учун юқорига чиққанида, ўлдириб, уйининг калитларини қўлга киритишади.

Кейин унинг хонадонига кириб, аёлини аввал зўрлаб, кейин бўғиб ўлдиришади, қизини эса калтаклаб, сўнгра квартирага ўт қўйишади.

Текширув хулосаларидан аён бўлишича, жаноб Спинеллининг қизчаси тутундан димиқиб ҳаётдан кўз юмади.

Ҳодисанинг 2009 йил 20 апрел куни юз бергани айтилади.

Ўша йилнинг 7 май куни эса, Хуршид Нормуродов Қозоғистон чегарасида қалбаки Ўзбек паспорти билан қўлга олинади.

Орадан қисқа вақт ўтмай, уларга ўғирланган қимматбаҳо буюмларини сотиш ва қалбаки ҳужжатлар топиб беришда кўмаклашган шериклари ҳам қўлга олинишади.

Лекин суд давомида айбланувчиларнинг ўз айбларини қисман тан олганликлари айтилганди.

Россиялик масъуллар сўнгги йилларга келиб, меҳнат муҳожирлари орасида жиноятчилик ҳоллари кўпаяётганидан ўз хавотирларини изҳор этишади.

Мулозимлар муҳожирлар орасида, хусусан, оғир жиноятчилик ҳоллари ортганини айтишади.

Москва вилояти прокуратураси тергов қўмитаси келтирган сўнгги рақамларга кўра, ҳар 9 жиноятнинг бирини ноқонуний меҳнат муҳожири содир этади.

Аммо Россия Федерал Миграция хизмати расмийлари ва экспертлар ушбу даъволарни рад этиб келишади.

Москвалик ҳуқуқ фаолларига кўра, муҳожирлар аксар ҳолларда қўрқитиш туфайли, рус тилини яхши билмасликлари ва ҳимоясизликлари натижасида ўзлари содир этмаган жиноятларга иқрор бўлишади.

Расмий маълумотларга мувофиқ, Россияда ноқонуний меҳнат муҳожирларининг сони тақрибан 5 миллион бўлса, улардан икки миллионга яқинини ўзбекистонликлар ташкил этиши айтилади.