Россия муҳожирлар учун квота тартибини бекор қиладими?

Россия Федерал Миграция хизмати раҳбарига кўра, меҳнат муҳожирлари учун квота тартиби бекор қилиниши мумкин ва хорижийларнинг Россия фуқаролиги олиш механизмини осонлаштирш таклифи илгари сурилган.

Миграция Хизмати раҳбари Константин Ромодановскийнинг айтишича, ҳозирги квота тизими баҳсли масала ва кўпчилик экспертлар бу тизимнинг бутунлай бекор этилишини қўллаб- қувватлайдилар.

“Хорижийларга муваққат яшаш ҳуқуқи бериш институти эскирган системадир. Ҳозирги бу система – коррупцияга асосланган ва холис эмас” деб айтган Россия миграция хизмати раҳбари.

Айни вақтда муҳожирлар учун квота тизимини бекор қилиш ғоясига қарши бўлганлар фикрларича, меҳнат муҳожирларига кенг йўл очилиши, мамлакатда жиноятчилик ва миллатлараро кескинликни кучайтириши мумкин.

Константин Ромодановский ҳозирги пайтда Федерал Миграция хизмати, ҳукумат идоралари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда “Давлат миграция сиёсатининг янги концепцияси” ишлаб чиқаётганлигини маълум қилди.

Ушбу янги концепция бўйича, хорижийлар учун квотани бекор этиш ва уларнинг Россия фуқаролигини олиш механизмини осонлаштириш таклифи олдинга сурилмоқда.

Константин Ромодановскийга кўра, меҳнат муҳожирларини ёллаш- дифференциал тарзда, яъни турли ёндошув асосида амалга оширилиши керак. Яъни хорижийларни ёллаш тадбири, олдиндан муҳожирлар ватанида бошланиши лозим.

Федерал Миграция Хизмати раҳбари хорижийларнинг Россия фуқаролигини олишлари учун, уларнинг муваққат яшаш ҳуқуқи олиш тартиби ҳам бекор этилиши кераклигини урғулади.

Ҳозирги тартиб буйича хорижийларнинг Россия фуқаролигини олиш жараёни 8 йилгача чўзилиши мумкин.

Айни вақтда қатор экспертлар Константин Ромодановский таклифи, ҳам меҳнат муҳожирлари ва ҳам Россия иқтисодиёти ривожи учун ижобий аҳамиятга эга, деган фикрда.

Москвадаги “Миграция ва қонун” нодавлат ташкилотининг эксперти Юлдуз Аминованинг айтишича, квотанинг бекор этилиши, миграция тизимида порахўрлик кўламини камайтириш билан бирга меҳнат муҳожирларининг иш топишларини осонлаштириши мумкин.

"Менимча агар квота бекор этилса, муҳожирлар учун иш рухсатномасини олиш ва қонуниий иш топишлари анча осонлашади. Уларнинг ишга ёлловчилар томонидан алданишлари ва пора беришлари ҳам камаяди", дейди Юлдуз Аминова.

Ўз навбатда Москвадаги кўпчилик муҳожирлар янги миграция сиёсати меҳнат муҳожирлари фойдасига бўлишига шубҳа билдиришди.

Айни дамда квота тартибини бекор этиш ҳамда хорижийларнинг Россия фуқаролигини олишлари тартибини соддалаштириш такифига қарши бўлганлар ҳам кам эмас.

Ушбу ақида тарафдорлари фикрича, меҳнат муҳожирлари Россияда жиноятчиликнинг янада кўпайишига ва миллатлараро можаронинг келиб чиқишига сабаб бўлишлари мумкин.