Қозоқ ҳукумати қуллик ҳоллари ошаётганини билдирди

Image caption Кўп муҳожирлар ҳужжатсиз ишлаётганларини билиб, ҳуқуқ-тартибот ходимлари кўзига тушмасликка уринади

Қозоғистонда Ўзбекистон ва Қирғизистондан келган одамлар савдоси ортиб бормоқда. Бу ҳақда хабар тарқатган Қозоғистон прокуратурасига кўра, чегарани ноқонуний кесиб ўтаётган меҳнат муҳожирлари Қозоғистонга келмасданоқ қонунни бузмоқда.

Ҳужжатларнинг жойида эмаслиги эса қулликка тушиб қолганларни ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишига тўсқинлик қилади.

Тез ривожланаётган ва нефтга бой Қозоғистонга қўшни давлатлардан юз минглаб меҳнат муҳожирлари ишлашга келиши айтилади.

Олма-отадаги Би-би-си мухбири Шодиёр Сайфнинг айтишича, муҳожирлар кўп ҳолларда ўз ватанларида одам сотувчилар тузоғига илинадилар.

Уларга иш ва яшаш жойлари ваъда этилади. Аммо, чегарадан ўтиш даврида тўлдириши керак бўлган миграция карточкалари атайин тўлдирилмайди.

Ноқонуний мақомда бўлган бу муҳожирлар сўнгра ўз "хўжайин"ларининг қўрқитувлари ва ёлғон ваъдалари билан абгор шароитларда деярли текинга ишлатилади.

Бош прокуратура кўпроқ алданиб қолаётганларнинг кимлиги ҳақида ўзининг охирги баёнотида бирон маълумот бермаган.

Аммо, ноҳукумат ташкилотлар, хусусан Чимкентда меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя этувчи Сана Сезим ташкилоти хабарига биноан, аёллар фоҳишаликка, эркаклар деҳқончилик, қурувчилик ва чўпонликка мажбурланади.

Прокуратура ўз баёнотида одам савдоси билан шуғулланувчи шахсларни тезроқ аниқлаш ва жазолашни таклиф қилади.

Бироқ, инсон ҳақлари фаоллари, ишчиларга талаб катта бўлган Қозоғистонда муҳожирлар квотасини оширмай ва рўйхатдан ўтиш қоидаларини осонлаштирмай туриб қуллик ҳолларини бартараф этиб бўлмаслигини айтишмоқда.