Ўзбек блоггерларининг интернетдаги фаолияти нақадар эркин?

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва асосан Марказий Осиёдан келган интернетга алоқадор ёшлар Олма-отага йиғилишган. Бир ярим мингга яқин интернет соҳасидаги дастурловчи, рекламачи, дизайнер, блоггер ва ёш журналистлар икки кун давомида тажриба алмашишди. BarCamp интернет анжуманида Ўзбекистонликлар ҳам иштирок этишди.

Уч йилдирки КИМЕПда ўтадиган анжуманда блоггер, интернет-журналист ва рекламачилар ўзаро тажриба алмашишмоқда.

Ўзбекистондан келган Сардор Бобоев асосан интернет реклама соҳаси билан шуғулланади.

"Интернетда олдин унча фаол эмасдим. 2008 йил Бишкекда BarCampнинг биринчи конференцияси бўлди. Ўша ерда бу анжуман билан танишдим ва менга ёққан", - дейди Сардор.

Ўзбекистонда ҳам интернетга қизиқувчилар сони тобора ошиб бормоқда. BarCampнинг йиғилишлари Тошкентда ҳам бўлиб туради.

"Ўзбекистонда ҳам BarCamp аъзолари фаол, лекин у ерда блоггерлар эмас, асосан программистлар, техниклар йиғилишади", - дейди тадбирнинг Тошкентдаги ташкилотчиларидан Сардор.

Сардорнинг ўзи Твиттер юритади. Бир ёзишда 140 белгили кичик хабарлар қолдириш мумкин бўлган ушбу мўъжаз кундалик айниқса мобил телефонлар орқали интернетга кирувчилар учун жуда қулай.

Image caption Сардор анжуманга келган олти ўзбекистонликдан бири

Собиқ шўролар давлатларидан келган қарийб 1,5 минглик иштирокчилар ичида Ўзбекистон атиги олти киши келган.

Катянинг блоги

Булардан бири, талаба Катя ўз блогини юритади. У ўз блогида бошқаларни ҳам қизиқтирадиган мавзулар ҳақида ёзишни яхши кўришини айтади.

"Ҳозир тушлик қилаяпман, бир жойга бордим, каби оддий кундалик гапларни эмас, балки бошқаларга ҳам қизиқ бўлган мавзулар ҳақида ёзишни ёқтираман. Мисол учун, ҳозир Тошкентда катта қурилишлар кетаяпти. Мен янги қурилган трамвай йўлини суратга тушириб блогимга қўйдим. Аҳамиятли томони трамвай йўли жуда ҳам қийшиқ қурилган. Ҳатто ўз онам "бу трамвайга чиқмагин" деб саҳифамда жавоб қолдирган", -дейди Катя.

Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилар сони 7,5 миллиондан ортиб кетган. Аммо мутахассилар интернет оламида ўзбекистонликларнинг бошқа ривожланаётган давлатларга нисбатан анча сустлигини ҳам айтишади. Фойдаланувчилар томонидан тўлдирилиб бориладиган Wikipedia интернет энциклопедиясининг ўзбекча варианти мақолаларнинг ўта камлигидан ёпилишини эълон қилган.

Катядек блоггерлар Ўзбекистонда кўп эмас. Таҳлилчилар бундай хосликни интернетга Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қаттиқ назорат қўйилгани билан изоҳлашади.

Эркинлик

Катянинг айтишича, Ўзбекистонда фойдаланувчилар ўз блогини юритиши учун эркин майдонларнинг деярли йўқлиги сабаб ўзбекистонликлар livejournal.com каби чет эл сайтларидан фойдаланишади.

Image caption Катянинг блогидаги қийшиқ трамвай йўли...

"Очиқча айтиладиган тақиқлар йўқ. Аммо, айрим ҳолатлар борки, баъзи хусусий блогларни ёпиб қўйишади. Чунки улар нотўғри ёки исталмайдиган мавзуларда ёзишган бўлишади. Менинг блогим эса шу вақтгача ҳеч кимнинг жиғига теккани йўқ. Чунки мен экстремистик кайфиятда изоҳ қолдирмайман. Балки шунинг учун ҳам мен билан ҳеч кимнинг иши бўлмаётгандир", - дейди у.

Сиёсат

Бишкеклик Бектор Искендернинг kloop.kg номли сайти бор. Сайт асосан ёш ҳаваскор журналистларнинг блоглари асосида юритилади. Шу вақтгача сайт рус ва қирғиз тилларида ва Қирғизистонга бағишланиб юритилган. Энди эса унинг Қозоғистон ва Тожикистон учун саҳифалари очилмоқда.

Бу саҳифаларда ижтимоий ҳаётдан тортиб, сиёсатгача ёзилади.

Бектор Ўш шаҳридаги ўзбек блоггерларининг фаоллиги ҳисобига сайтнинг ўзбек тилидаги саҳифасини ҳам очмоқчи. Аммо, унинг Ўзбекистонга бағишланган саҳифани очиш нияти йўқ.

"Тўғрисини айтсам, Ўзбекистонга боришга қўрқиб турибмиз. Ўзбекистонда мустақил матбуотга бўлган босим туфайли шунақа фикрга келганмиз. Шунинг учун ҳам ёш ташкилотимиз аввало анча эркин ҳудудда ривожланиб олиши керак. Балки куч тўплаб олсак кейин бошқа давлатларда ҳам фаолиятимизни ривожлантиришни ўйлаб кўрса бўлади", - дейди Бектор Искендер.