Қирғиз парламенти жинларни қувиш ва ҳайрия учун қўй сўйди

Image caption Қурбонлик маросими учун депутатлардан пул йиғиб олинди

Қирғизистондаги қонун чиқарувчилар, ўз таъбирларича, ёвуз руҳларни ҳайдаш учун парламент биносида қўй сўйиб қурбонлик келтиришган.

Еттита қўйни сўйиш маросимида, парламент матбуот хизматига кўра, барча депутатлар иштирок этганлар.

Қурбонлик гўштлари қариялар ва ногиронлар уйларига тарқатилади.

Қирғизистонлик депутатлар қурбонлик боши берк кўчага кириб қолган уч партиядан иборат коалицион ҳукуматнинг ишларига барака беради деб умид қилишмоқда.

Парламент раиси Аҳмадбек Келдибеков қурбонлик маросимида чиқиш қилиб, тадбир, бир томондан, ўтган йили ҳукумат тўнтаришига олиб келган 7 апрел воқеаларида нобуд бўлганларга, иккинчидан эса, Олий Кенгаш фаолият олиб бораётган Ҳукумат уйи биносидан жинларни қувиш учун ўтказилгаётганини айтган.

"Халқ орасида "Еттисидан бири авлиё бўлади" деган гап бор, шу боис биз муқаддас сонга биноан, етти қўй сўйдик", - деди Олий Кенгаш раиси.

Жаноб Келдибековга кўра, депутатлар ва Олий Кенгаш ходимлари қўйлардан фақат иккитасининг гўштини ер экан.

Сўйилган жониволарнинг қолган иккитаси қариялар уйига, иккитаси махсус интернатда тарбияланаётган етим болаларга ва яна биттаси масжидга берилган.

Маросим учун 120 депутатнинг ҳар биридан ихтиёрий равишда 700 қирғиз сўми (15 доллар) йиғиб олинган.

Бишкекдаги мухбиримиз Тўлқинбек Турдибоевга кўра, собиқ президентлар Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиевлар даврида ҳам қирғиз ҳукумати ва Олий Кенгаш биноларида жиндан асраш, кўз тегишдан ҳамда турли бало-казолардан сақлаш йўлида маросимлар ўтказилган.