Афғонистонда Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг нуфузли раҳбари қўлга олинган

Image caption Афғонистондаги иттифоқ кучларига кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг юқори мартабали раҳбарини шу ҳафта бошида қўлга туширишган

Афғонистондаги хорижий иттифоқ кучларининг билдиришларича, шимолий Қундуз вилоятида афғон ҳарбийлари билан бирга олиб борилган қўшма амалиёт чоғида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг юқори мартабали раҳбари ва унинг икки ёрдамчиси қўлга туширилган.

Иттифоқ кучларининг бу хусусдаги баёнотида ҳибсдагиларнинг шахси очиқланмаса-да, ҳаракат нуфузли раҳбарининг Покистондаги Ўзбек жангарилари ва Афғонистондаги Толибон раҳбарияти орасида воситачилик қилган шахс эканига ишонишлари айтилади.

"У исёнчиларнинг ҳам Покистон ва ҳам Афғонистонда ҳарбий тайёргарликдан ўтишлари ҳамда амалиёт олиб боришларини ташкиллаштириб, ҳар икки гуруҳга ёрдам берган. Афғонистон шимолидаги маҳаллий ва хорижий кучларга қарши худкушлигу миномёт ҳужумларини мувофиқлаштирган, олисдан туриб бошқарилувчи портловчи моддаларни ўрнатиш ишларини ташкиллаштирган," дейилади баёнотда.

Айтилишича, қўлга олинган юқори мартабали шахс Афғонистондаги Ўзбек жангариларининг бош қўмондонларидан бири бўлган ва ўтган йил бошқа жангарилар билан бирга Покистондаги қамоқхонадан қочиб чиққан.

Иттифоқ кучларининг баёнотига кўра, жосуслик маълумотлари ва афғон хавфсизлик кучларининг кўмаги билан бир неча ҳафта изидан юриб, алал-оқибат уни шу ҳафта бошида Қундуз вилоятининг Хонабод туманида ҳибсга олишга муваффақ бўлишган. Улар амалиёт чоғида бир дона ҳам ўқ қўлламаганликларини ҳам айтишган.

Ўтган йили Афғонистон шимолида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаолияти қайта кучаяркан, афғон ва хорижий кучлар уларга қарши қатор ҳарбий амалиётларга ҳам қўл уришганди.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган икки ой ичида олиб борилган қўшма амалиётлар чоғида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг 20 дан ортиқ аъзосини ўлдиришган.

Улардан тўрт нафари Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг юқори мартабали лидерлари экани ва ораларида ҳаракатнинг Афғонистондаги бундан аввалги раҳбари Билол Қундузийнинг ҳам борлиги айтилади.

Афғонистондаги НАТО кучларига кўра, жорий йил бошида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатининг Покистондаги раҳбарлари Афғонистонда иккита умумий қўмондонларини тайин этишган.

Такрорий мағлубиятлар ва нуфузли аъзоларининг қўлга олиниши ортидан, улардан бири Покистонга қайтиб кетган, Афғонистонда ҳаракатнинг ягона раҳбари бўлиб қолаётган бошқасини эса, 20 апрел куни қўлга олишга муваффақ бўлдик, дейди Афғонистондаги иттифоқ кучлари.