Қоҳирада Миср собиқ Ички ишлар вазири устидан маҳкама иши бошланди

Ҳабиб ал-Адлий Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ҳабиб ал-Адлий намойишчиларга қарата ўт очишга буйруқ беришда айбланмоқда

Қоҳира Жиноий Маҳкамаси Миср собиқ Ички ишлар вазири Ҳабиб ал-Адлий ва яна 6 нафар собиқ мулозим устидан маҳкама ишини бошлади.

У Ҳусни Муборак ҳукуматига қарши оммавий намойишларда оломонга қарата ўт очишга буйруқ берганликда айбланмоқда.

Ҳабиб ал-Адлий ва яна олти шахсга нисбатан коррупция айбловлари ҳам илгари сурилган.

Мисрда ҳозирда Ҳусни Муборак ва унинг ўғиллари дохил ўнлаб собиқ мулозимлар ҳибсга олинган ва улар ҳозирда сўроққа тутилмоқда.

Миср инқилобчилари Ҳусни Муборак ва унинг мулозимлари мамлакат халқига қарши содир этган амаллари учун тўлиқ жавобгарликка тортилишларини исташади.

Расмий текширувлар Миср собиқ ҳукуматига қарши намойишлар пайтида 846 одам ҳалок этилганини аниқлаган.

Жаноб Адлий Президент Муборак истеъфо берганидан буён жавобгарликка тортилаётган илк юқори давлат мулозимидир.

Баъзи мисрликлар эски режимга содиқ бўлган бой ишбилармонларнинг жавобгарликка тортилиши мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин деб ҳисоблашади.

Аммо Ҳусни Муборак режими қурбонлари яқинлари собиқ ҳукумат мулозимлари устидан терговлар ниҳоятда секин бораётганидан норози.

Улар Муборак замонида содир этилган барча жиноятлар очилмай қолиши мумкинлигидан хавотирдалар.